Исроил ҳаво ҳужумлари ортидан минглаб кишилар Ливанни тарк этмоқда
Dpa маълумотларига кўра, юзлаб ливанликлар уруш вайроналаридан омон қолиш учун Сурияга йўл олмоқда. AP хабарига кўра, минглаб одамлар Ливан жанубидан қочяпти.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) маълумотларига кўра, Ливанда давом этаётган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг ҳарбий объектларига қарши Исроил ҳаво ҳужумлари фонида юзлаб одамлар Ливанни Сурия томон тарк этмоқда. Бу ҳақда dpa агентлиги 24 сентябр, сешанба куни хабар берди.
Чегара хизмати расмийсининг агентликка айтишича, одамлар Сурия чегарасига Бекаа водийси ва Ливан шарқидаги бошқа ҳудудлардан келишмоқда. Гап асосан Сурияда суриялик турмуш ўртоғи ёки бошқа қариндошлари бўлган ливанликлар ҳақида кетмоқда, дея dpa ўзининг "Маснаа" чегара пунктидаги суҳбатдошидан иқтибос келтирган. Агентлик маълумотларига кўра, ҳозир Ливанда 1,5 миллион суриялик қочқин ва бошқа сурияликлар истиқомат қилади.
Байрут ва қирғоқ бўйидаги Сидон шаҳрида жанглар натижасида уйларини тарк этишга мажбур бўлган ливанлик оилалар мактабларга жойлаштирилди, деб хабар беради AP. Айни пайтда меҳмонхоналар нархларни шунчалик кўтардики, кўп оилалар у ерда хона топа олмай, машиналарида ухлашга мажбур бўляпти.
National News Agency Ливан давлат ахборот агентлигига кўра, Байрутдан 65 км шимоли-шарқда жойлашган Баалбек шаҳрида новвойхоналар ва газ баллонларини тўлдириш станциялари олдида навбатлар ҳосил бўлган.
AP хабарига кўра, минглаб ливанликлар Яқин Шарқдаги можаролар авж олгани сабабли мамлакат жанубий туманларини тарк этмоқда.
Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги можарода ҳарбий ҳаракатлар ривожи
24 сентябрь куни тушдан кейин Исроил Байрутга навбатдаги ҳаво ҳужумини амалга оширди. AP маълумотларига кўра, деярли 560 киши ҳалок бўлган. Ушбу қурбонларнинг қанчаси жангчи эканлиги аниқланмаган.
The Times of Israel интернет-нашрининг ҳарбий доиралардаги манбаларига таяниб ёзишича, ЦАҲАЛнинг Байрутга берган зарбаси нишони "Ҳизбуллоҳ" ракета бўлинмаси қўмондони бўлган. Унинг тақдири ҳозирча номаълум.
Аввалроқ Исроил ҳарбийлари Ливан ҳудудидан Исроилнинг шимолий ҳудудлари томон 55 тадан ортиқ ракета учирилгани ҳақида хабар берган эди. Бунга жавобан Ливан ҳудудига ўнлаб зарбалар берган Исроилнинг нишонларидан бири, шу жумладан, ушбу ҳужумни амалга оширган ячейка бўлган, дея таъкидлайди ЦАҲАЛ.
AP хабарига кўра, Исроил танклари ва артиллерияси Ливан чегараси яқинидаги нишонларни ҳам ўққа тутди. Хабарда айтилишича, Ливан жанубидаги Исроил томонидан ҳаво ҳужумларига учраган ҳудуд жами 1700 квадрат километрни ташкил этган.
«Биз "Ҳизбуллоҳ" сўнгги 20 йил ичида жанговар ҳаракатлар учун қурган инфратузилмага ҳужум қилмоқдамиз», деди Исроил бош штаб бошлиғи Герци Ҳалеви. Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Ливан бўйлаб гуруҳ нишонларига қарши операция кенгайтирилганини маълум қилди. Исроил ҳукумати мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этди, у камида 30 сентябргача давом этади.
Ўз навбатида, "Ҳизбуллоҳ" жангчилари 24 сентябрга ўтар кечаси ва ўша куни эрталаб Исроилдаги саккизта нишонга, жумладан, Ливан билан чегарадан 60 км узоқликда жойлашган Зихрон-Яаков шаҳридаги портловчи моддалар заводига ракеталар билан ҳужум қилганини маълум қилди.