АҚШ ва Исроил Эрон ҳужумига жавобни муҳокама қилмоқда
Вашингтон Исроил билан Эроннинг йирик ракета ҳужумига эҳтимолий жавоб чораларини муҳокама қилмоқда, деди Жо Байден. БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказади.
Оқ уй Исроил билан Эроннинг аввалроқ Исроил ҳудудига берган йирик ракета зарбасига жавоб чоралари ҳақида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 1 октябр, сешанба куни АҚШ президенти Жо Байден журналистларга маълум қилди. У Эрон ҳужуми пайтида унинг жамоаси исроиллик ҳамкасблари билан алоқада бўлганини таъкидлади ва шунингдек, тез орада бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан Исроилнинг керакли жавобини муҳокама қилишини айтди.
Байденнинг таъкидлашича, Эрон ҳужуми Қўшма Штатлар ва Исроилнинг ҳарбий салоҳияти туфайли «тўхтатилган». Аввалроқ Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) матбуот котиби Даниэл Ҳагарий Эрон томонидан отилган ракеталарнинг аксарияти Исроил, АҚШ ва номи ошкор этилмаган бошқа иттифоқчилар томонидан уриб туширилганини даъво қилган эди.
Ҳаррис: Эрон - Яқин Шарқдаги «беқарорлаштирувчи куч»
Бир кун аввал АҚШ вице-президенти ва Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис Эроннинг «ўйламасдан қилинган ва шафқатсиз» ҳужумини қоралаб, давлатни Яқин Шарқдаги «хавфли ва беқарорлаштирувчи куч» деб атади. «Исроилнинг Эрон ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган террорчи гуруҳларга қарши ўзини ҳимоя қила олишини доим таъминлайман. Исроил хавфсизлигига содиқман», — деди Ҳаррис.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказади
Эроннинг Исроилга ҳужуми ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ню-Йоркда Яқин Шарқ бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказади. У 2 октябр куни бўлиб ўтади, дея хабар беради Швейцария миссияси.
Эрон Исроилга ракеталар билан ҳужум қилди
Эрон 1 октябр оқшомида Исроилга қарата 180 дан ортиқ баллистик ракета учирди. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Исроилга қилинган ҳужум «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва Ҳамас ҳаракати етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига жавоб бўлганини айтди.
ЦАҲАЛ матбуот котиби Даниэл Ҳагарийнинг таъкидлашича, Эрон ракеталарни отиш орқали Исроилнинг минглаб тинч аҳолисини «ўлдириш» ниятида. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Эрон «катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун товон тўлайди» деди.
Мавзуга оид
20:40 / 16.11.2024
HRW Исроилни Ғазо секторидаги фаластинликларни мажбуран кўчирганликда айблади
10:05 / 16.11.2024
ЕИ Россия учун баллистика туфайли Эронга қарши санкциялар тайёрлади
09:20 / 16.11.2024
Европада яккаланаётган Исроил футболи
20:37 / 15.11.2024