Жаҳон | 08:48 / 11.10.2024
2076
3 дақиқада ўқилади

Флоридадаги тўфон бир миллиондан ортиқ уйни энергиясиз қолдирди

АҚШ президенти Жо Байден флоридаликларни хавфсизлик чораларини кўришга чақирди, чунки «бу том маънода ҳаёт-мамот масаласидир».

Фото: Getty Images

Флоридада миллиондан ортиқ уй ва корхоналар «Милтон» тўфони туфайли электр энергиясиз қолди, деб хабар берди пайшанба куни эрталаб AP коммунал ҳисобга олиш тизими маълумотларига таяниб.

Тўфон Флориданинг ғарбий соҳилига 10 октябрга ўтар кечаси етиб келди, шундан сўнг шамол кучи бироз заифлашди, шунинг учун Миллий довул маркази унга 2-тоифани берди. Бироқ, прогнозларга кўра, «Милтон» Флорида ярим оролидаги бутун йўли бўйлаб тўфон мақомида қолади.

Бир кеча олдин АҚШ президенти Жо Байден Флорида штатидан бир қатор амалдорларга қўнғироқ қилди, хусусан: Орландо мэри Будди Даер, Сарасота округи мэри Лиз Алперт ва Флорида конгрессменлари Гус Билиракис ва Кети Кастор. Оқ уй матбуот хизмати хабарига кўра, президент уларга тўфон оқибатларини бартараф этишда қўшимча ёрдам керак бўлса, бевосита унга қўнғироқ қилишлари мумкинлигини айтган.

Хавфсизлик чораларига амал қилиш

Аввалроқ Байден офат ҳудудидаги одамларни хавфсизлик талабларига риоя қилишга чақирган эди. «Бу том маънода ҳаёт-мамот масаласи», деди у. Флорида штатига яқинлашаётган тўфон туфайли АҚШ президенти Германияга ташрифини қолдирди, у ерда Украина бўйича «Рамштайн» форматидаги алоқа гуруҳи йиғилишида иштирок этиши керак эди.

«Милтон» тўфони миллиардлаб доллар зарар келтириши кутилмоқда. Икки миллионга яқин одам аллақачон офат зонасидан эвакуация қилинган. Лейкленд, Киссимми ва Орландо каби шаҳарлар, шунингдек, Канаверал буруни Флорида орқали тўфон йўлида қолиши кутилмоқда.

Федерал фавқулодда вазиятлар агентлиги (FEMA) матбуот котиби Дин Крисвелл флоридаликларни «жойида қолишга» ва «Милтон» тўфони штат бўйлаб ҳаракатланишда давом этар экан, яқин атрофдан бошпана излашга чақирди.

CNN эслатганидек, «Милтон» бу йил Флоридага ёпирилган учинчи тўфондир, штат аввалроқ «Франсин» ва «Хелен» тўфонларидан зарар кўрди. 1871 йилдан бери бундай ҳолат бир тўфонлар мавсумида атиги беш марта содир бўлган, деб таъкидлайди канал: 1871, 1886, 1964, 2004 ва 2005 йилларда.

Мавзуга оид