Жаҳон | 17:41 / 12.10.2024
4684
4 дақиқада ўқилади

Шолц: Германия Исроилга қурол етказиб беришда давом этади

Германия Исроилга қурол етказиб беришда давом этади, деди Германия канцлери Олаф Шолц Бундестагдаги муҳокамалар чоғида. Германия парламентарийлари 2023 йил 7 октябр куни Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлашди.

Фото: Ebrahin Noroozi/AP/picture alliance

Германия Исроилга қурол етказиб беришда давом этади, дея маълум қилди Олаф Шолц. «Биз қурол етказиб бердик ва тез орада янги етказиб беришлар бўлади», деди Германия канцлери 10 октябр, пайшанба куни Бундестагдаги дебатда.

Шу тариқа, Шолц мухолифатдаги консерватив Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) раиси Фридрих Мерцнинг айбловига жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, Германия ҳукумати Исроилга ўқ-дориларни экспорт қилиш ва бу мамлакатга танклар учун эҳтиёт қисмларни етказишга рухсат беришдан бош тортган.

Фридрих Мертц, шунингдек, ХДИ блоки ва Бавария Христиан-социал иттифоқи (ХСИ)дан Германия канцлери лавозимига номзод. Ҳозирда ХДИ/ХСИ Германиядаги энг машҳур сиёсий кучдир. Сўровлар шуни кўрсатдики, сайловчиларнинг 33 фоизи уни қўллаб-қувватлашга тайёр. Олаф Шолц бошчилигидаги Германия Социал-демократик партияси (ГСДП)ни ўз ичига олган ҳукмрон коалицияни 30 фоиз қўллаб-қувватлаган. Бундестагга навбатдаги сайловлар 2025 йил 28 сентябрга белгиланган.

«7 октябр куни вақт тўхтади»

Бундестагнинг 10 октябр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида немис парламенти аъзолари 2023 йил 7 октябрда Ҳамас ҳаракатининг Исроилга уюштирган ҳужуми қурбонлари хотирасига бир дақиқа сукут сақлади. Бундестаг раиси Бербел Бас ҳужумни Исроил халқи, Яқин Шарқ ва бутун дунёдаги яҳудийлар учун бурилиш нуқтаси деб атади. Уларнинг хаёли қурбонларнинг яқинлари ва Ғазо секторида гаровга олинганлар билан, дея таъкидлади у. «7 октябрда вақт сиз учун тўхтади», деди Бербел Бас.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Германиянинг Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши халқаро гуманитар қонунларга зид эмаслигини таъкидлади. Берлин Ғазо сектори аҳолиси гуманитар ёрдам олишини таъминлаш учун ҳар куни курашмоқда, деди Бербок. «Исроил узоқ муддатда тинчликда яшаши мумкин, агар унинг қўшнилари бўлмиш фаластинликлар ҳам узоқ муддатда тинч-тотув яшай олса», — дея қўшимча қилди у.

Яқин Шарқда можаронинг кучайиши

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябрда кескин ёмонлашди. Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган Ҳамас ҳаракати Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Исроилга йирик ракета ҳужуми амалга оширилди, унинг ҳудудига бостириб кирилди ва замонавий Исроил давлати тарихида тинч аҳолига нисбатан энг йирик ҳужум рўй берди, 1200 га яқин одам ҳалок бўлди. Шунингдек, жангчилар 250 га яқин одамни гаровга олиб, Ғазо секторига олиб кетишган. Гаровга олинганларнинг баъзилари алмаштирилди ёки қўйиб юборилди, бошқалари эса вафот этди.

Исроил бунга жавобан Ҳамасга қарши уруш эълон қилди. Ҳамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуруқликдаги операция ва Ғазо секторини бомбардимон қилиш натижасида 42 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлган. Фаластинлик жангчиларни Германия, АҚШ, Исроил ва қатор араб давлатларида террорчи ташкилот сифатида тан олинган Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўллаб-қувватлаган. «Ҳизбуллоҳ» мунтазам равишда Ливандан Исроилга қарата ўқ узади.

2024 йил сентябр ойининг иккинчи ярмида Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий операция бошлаганини эълон қилди. Исроилнинг Байрутга авиазарбаларида гуруҳнинг бир неча етакчиси ҳалок бўлди. Сентябр ойи охирида Исроил Ливан жанубида «чекланган қуруқликдаги операция»ни ҳам бошлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид