Ҳозирги кунда адвокатлар даражасини терговчи ёки прокурор билан тенглаштиришга уринишлар бўлаётганига қарамай, улар ҳамон тенг имкониятларга эга эмас. Бу эса адвокатларнинг ҳуқуқларини поймол этмоқда, дейди ҳимоячилар. Кun.uz билан гаплашган адвокатлар – далил ва ҳужжатларга эътиборсизлик, йўқолиб қолаётган фуқаролар ҳамда қонун билан чеклаб қўйилган ҳуқуқлари ҳақида айтиб ўтди.

9 ноябр куни адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказган Олий суди раиси Бахтиёр Исломов қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги прокурор илтимосномалари судлар томонидан оммавий қаноатлантирилаётгани натижасида Ўзбекистондаги вақтинча сақлаш изоляторлари тўлиб кетганини айтди. Олий маҳкама расмийлари ва адвокатлар учрашуви ортидан жамиятда долзарб бўлган адвокат ҳуқуқлари, тергов-суриштирув жараёнида инсон ҳуқуқлари бузилишига доир масалалар яна кун тартибига қайтди. Kun.uz ушбу масала юзасидан амалиётда юзага келаётган масалаларни жамоатчиликка олиб чиқиш учун адвокатларга микрофон тутди.

Амрулло Аҳмедов, адвокат:

Адвокатура мавзуси кундан кунга муаммо сифатида кўтарилмоқда. Адвокатларнинг Ўзбекистонда етишмаслиги ёки камлиги инсон ҳуқуқларининг бузилишига ёки қайсидир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари томонидан суриштирув ёки жиноят қидирув процесслари бўладими, уларга кўпроқ ўз ҳаракатларини амалга оширишга ёрдам беради.

Шахс ушланганда унинг ҳуқуқлари тушунтирилиши керак. Унинг нимада айбланаётгани ёки нимада ушланаётгани ҳақида ёки унга гапирмаслик ҳуқуқи борлигини тушунтириш лозим. У ўзига адвокат олиши мумкин ёки унга ҳар бир айтилган гапи ўзига қарши ишлатилиши мумкинлигини тушунтириш керак. Тегишли идоралар вакиллари буларни фуқарога тушунтириши лозим. Жиноятчи бўлсин, гумонланувчи бўлсин, ҳар бирига тушунтириш лозим. Чунки бу қонун талаби, Конституцияда ҳам, ЖПКда ҳам шундай талаблар бор. Лекин буни тушунтирадиган бўлсак, ўзига – суриштирув, тергов органларига муаммо олиб келади.

Дилшодбек Кенжабоев, адвокат:

Қонунларимизда адвокатларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари анча чеклаб қўйилган. Оддий мисол, жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор билан ҳатто танишиш имкониятимиз йўқ. Қачон жиноят иши қўзғатилди, нима асосга кўра кимнинг аризасига кўра қўзғатилди, бу нарса қачон бошланди, деган саволларга ҳатто жавоб ололмаймиз. Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасида «ҳимоячи жиноят ҳужжатлари билан дастлабки тергов тамом бўлгандан кейин тўлиқ танишиб чиқиш ҳуқуқи берилади» деган қоида бор. Бу нарса — ҳимоя позициясининг сусайишига, тергов жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, дастлабки терговнинг асоссиз равишда чўзилишига олиб келади.