«Андижон» Тошкентда тарихий ғалабага эришди: «шерлар» жамоаси мавсум стартидаги беш ўйиндан тўрттасида мағлубиятга учради ва турнир жадвалининг иккинчи қисмида қолмоқда.
Фото: ПФЛФото: ПФЛ
11–13 апрел кунлари футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 5–тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган дастлабки ўйинда «Нефтчи» Олмалиқда «Машъал» билан куч синашди.
Таркиб ва тажриба жиҳатдан устунроқ бўлган фарғоналиклар 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабасини нишонлади. Учрашувнинг 43-дақиқасида Жамшид Искандеров бурчак жарима зарбасини тўғридан тўғри голга айлантирди.
Мағлубиятсиз сериясини давом эттирган (2 ғалаба ва 3 дуранг) «Нефтчи» 9 очко билан 4-ўринга кўтарилди. «Машъал» 3 очко билан 15-ўринда бормоқда.
«Навбаҳор» эса гуруҳ аутсайдери устидан ишончли ғалабага эришди. Намангандаги учрашувнинг ҳар икки бўлимига қўшиб берилган дақиқаларда биттадан гол урган мезбонлар очколари сонини 8 тага етказиб, турнир жадвалининг 7-ўрнида жойлашган. «Шўртан» эса 1 очко тўплаган ҳолда энг сўнгги, 16-поғонани банд этиб турибди.
Ўтган мавсум якунларига кўра, олий лигага кўтарилган икки жамоа ўртасидаги учрашув тақдирини Иқбол Маликжоновнинг биринчи бўлимда олис масофадан урган суперголи ҳал қилди.
Бу натижадан сўнг қўқонликлар 6 очко билан 9-ўринга кўтарилиб олди. Худди шунча очкога эга «Бухоро» эса 8-поғонани банд этиб турибди.
Тур арафасида пешқадам бўлиб турган «Бунёдкор» Тошкентда «Қизилқум»ни енга олмади. 75-дақиқада мезбонлар ҳужумчиси Темирхўжа Абдухолиқов майдондан четлатилгани ўйин натижасига таъсир кўрсатмай қолмади. Ўйинда ҳар икки жамоада ҳам қатор вазиятлар яратилган бўлса-да, ҳисоб очилмади - 0:0.
Натижада «Бунёдкор» 11 очко билан иккинчи ўринга тушди, «Қизилқум» 4 очко билан 12-ўринда қолди.
Ўзбекистон чемпионатининг 5-турида «Хоразм» расмий мезбон сифатида Олмалиқда амалдаги мезбон ОКМКга қарши баҳс юритиб, аламли мағлубиятга учради.
Беллашувнинг 37-дақиқадаси ОКМК дарвозасига пеналти белгиланди. Бош ҳакам аввалига тўпни қўли билан ўйнагани учун Ислом Тўхтахўжаевга қизил карточка ҳам кўрсатганди, аммо видеотакрордан кейин бу қарорини ўзгартирди ва карточкани сариққа ўзгартирди. Дилшод Жўраев эса 11 метрдан хато зарба бериб, собиқ жамоаси дарвозасини ишғол эта олмади. 90+8-дақиқада эса Ойбек Рустамов олмалиқликлар ғалабасини таъминлаган голни урди.
Бу ғалабадан кейин Миржалол Қосимов жамоаси очколари сонини 13 тага етказиб, пешқадамликка қайтди. «Хоразм» 6 очко билан 9-поғонада қолди.
Турнинг марказий баҳси Тошкентдаги ЖАР стадионида «Пахтакор» ва «Андижон» ўртасида ўтказилди.
5 та гол урилган беллашувда «бургутлар» Ўзбекистоннинг 15 карра чемпиони устидан тарихий ғалабани қўлга киритишди. Бунгача «Андижон» «шерлар»ни Тошкентда мағлуб этмаганди.
Хомяков жамоаси бу натижадан кейин 9 очко билан 4-ўринга кўтарилди. Мавсум стартидаги 5 ўйинда 4-мағлубиятини қабул қилиб олган «Пахтакор» 3 очко билан 13-поғонада қолмоқда.
Ўйиндан кейин Тошкент клуби мухлислари стадион атрофида португалиялик мураббий Педру Морейранинг истеъфоси сўраб, акция ўтказишди.