Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланган ойларда қизимда шамоллаш тез-тез такрорланди, дейди 3 ёшли қизнинг онаси. Чиндан ҳам шундайми, шаҳар ҳавосида PM2,5 ошиши вируслар юқишини тезлаштирадими? Kun.uz суҳбатлашган оналар пойтахт ҳавоси ёмонлашгандан бери боласида шамоллаш белгилари кўп кузатилганини айтяпти. Вирусолог эса PM2,5 кўпайган ҳаводан нафас олган киши нега вирусларни тез-тез юқтириб олиши ва тузалиши қийинлигини тушунтирди.

PM2,5 ва ЎРВИ боғлиқлиги

Шарқий Африкадаги давлатлардан бири Кенияда 5 ёшгача бўлган болаларнинг ўткир респиратор вирусли инфекция юқтириб олиши ва ҳаводаги PM2,5 концентрацияси ўртасидаги боғлиқлик ўрганилди. Олимлар PM2,5 миқдори юқори ҳаводан узоқ вақт нафас олган болаларда ЎРВИга чалиниш хавфи баланд бўлишини аниқлади. Тадқиқотда қатнашган 7036 нафар 5 ёшгача бўлган болаларнинг 46,8 фоизи ҳаво ифлосланган дастлабки 2 ҳафтада ЎРВИ симптомлари билан мурожаат қилган. Ўша ойда PM2,5 18,31 мкг/м3ни ташкил қилган. Бу ЖССТ белгилаган меъёрдан бир 3-4 маротаба юқори.

Эслатиб, ўтамиз Тошкентда PM2,5 заҳарли заррачалари куз-қиш мавсумида 500 мкг/м3дан ошган кунлар ҳам кузатилган.

Ўзбекистонда вазият қандай?

PM2,5 ва Тошкент шаҳрида болаларда шамоллаш ортгани ёки йўқлиги ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Kun.uz мавсумий касалликлар билан боғлиқ мурожаат пойтахтда йиллар кесимида қанча экани ҳақидаги маълумотларни олиш учун Санэпидқўмитага сўров юборди. Бироқ қўмита таҳририят сўровини жавобсиз қолдирди.

Умуман олганда пойтахт аҳолиси орасида поликлиникаларида куз-қиш мавсумида жойлар тўлиб қолаётгани, навбатлар ортгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Жумладан, 2024 йилнинг ноябр ойида Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 1-сонли болалар клиник шифохонаси беморлар билан тўлгани акс этган видеолар тарқалганди