Жаҳон | 15:53 / 28.02.2025
4017
7 дақиқада ўқилади

“Шолц ёрқин лидер бўлолмади, Германияга эса яна миллатчилик хавф солмоқда” – немис ҳукумати таркибида кимлар бўлади?

23 феврал кунги навбатдан ташқари сайловда бирор партия мутлақ кўпчилик овоз йиғолмади ва Бундестаг назорати учун энди яна коалиция тузишга тўғри келади. Ғолиб партия консерваторлар етакчиси Мерц ултра-ўнглар билан ишламаслигини эълон қилди. Бироқ коалиция тузиш учун ё ўнглар, ё Шолц партияси билан келишиш керак. Сайлов натижаларига кўра, немислар яна миллатчилик ва популизм тарафдорига айланмоқда.

Олаф Шолцнинг ГСДП шармандали натижалари билан тузилганига энди 12 йил бўлган ўта ўнгчилар – Германия учун муқобил (ГуМ) партиясидан ҳам ортда қолиб кетди. Популистлар бу гал 20,8 фоиз овоз билан Германиядаги иккинчи йирик сиёсий кучга айланганини исботлади. Партия раҳбари Элис Вейдел ҳукуматга кириш ниятида, икки партия барибир келишолмайди ва қайта сайлов ўтказишади. Биз яна 4 йил сайловни кутмаймиз, дейди у.

Kun.uz Германиядаги сайлов, натижалар ҳамда сайловдан кейин тузилажак ҳукуматда кимлар бўлиши, дунё билан алоқалар қандай кечиши, янги канцлер ва ҳукумат учун приоритетлар нималар бўлиши хусусида суҳбат ўтказди. Унда қатнашган сиёсатшунослар фикрича, бу сайлов натижалари – хавотирли. Популистларнинг бу қадар кўп овоз тўплаши – давлатда миллатчилик авж олганини исботлайди. Бироқ Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Германия ҳукумат таркибида миллатчи, ксенофоб ва айирмачилар бўлмаслигига келишиб олиб, сиёсий консенсусга эришган эди.

Германиядаги сиёсий тизимни яқиндан ўрганган сиёсатшунос Ўктам Битураев фикрича, сайловдан аввал Шолцнинг ютқазиши тайин бўлиб қолди. Бунинг бир қатор сабаблари бор.

“Шолцнинг бошқарув даври мураккаб ва Украина уруши сабаб қийин геосиёсий даврга тўғри келиб қолди. Унинг ҳокимиятда қолиши барқарор бўлмади, сайловдан аввал ҳукумат парчаланиб, бюджет, қарз олиш ва Украинага ажратиладиган ёрдам масаласи ўта баҳсли кечди. Иккинчидан, уруш сабаб Германия энергетик инқирозга юзлашди ва бу иқтисодиётни орқага судради. Натижада эса немислар Шолц ҳукуматидан жиддий норози бўлди. Украина борасида ҳам расмий Берлин аниқ позициясини шакллантира олмади, бу ноаниқлик эса Шолцнинг обрўйига путур етказди” – Ўктам Битураев, сиёсатшунос

Олаф Шолц ҳукумати яшил энергетика ва яшил иқтисодиёт мақсадлари ортидан АЭС, ядро энергетикасидан фойдаланишни тўхтатди. Россиядан олинувчи энергия тўхтаган бир шароитда бу мухолифатнинг кескин танқидига учради. ХДИ/ХСИ ҳамда ГуМ Шолцнинг бу ишини жиддий қоралаб, уни энергетик инқироз фонида бор имкониятдан унумли фойдалана билмаганликда айблади. Сайловда ғалаба қозонган консерваторлар энди мавжуд муаммоларни ечиш учун ядро энергетикасига қайтиши тахмин қилинмоқда.

Бундан ташқари, Украинада уруш бошланишига қадар даврда Германия ва ЕИ Россияга энергетик қарам бўлган эди. Бу эса можаро бошлангач, катта муаммога айланганига ҳамма гувоҳ бўлди.

Миграция масалаларида ҳам Олаф Шолц ҳукумати юмшоқ сиёсат олиб борди ҳамда мухолифат ундан тинимсиз “қаттиқ чегара” тизимига ўтишни талаб қилса-да, канцлер ЕИ даражасида қабул қилинган нормаларни ҳурмат қилишини билдириб келди. Бу ҳам Шолцнинг обрўйига путур етказди ва ҳаттоки, Фридрих Мерц партияси давлатдаги сиёсий анъанани бузган ҳолда айнан “қаттиқ чегара ва миграция” таклифини қабул қилдиришда ултра-ўнгларнинг ёрдамини қабул қилди. Бу эса Бундестагда шовқинни келтириб чиқариб, Мерц бу қароридан ўзи ҳам уялганини баён қилганди.

Сиёсатшунос Битураевга кўра, Олаф Шолц канцлер сифатида ўзини кўрсата олмади ва унга лидерлик харизмаси етишмади. Германияда Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳукумат таркибига миллатчилар, популист ва айирмачилар, ксенофобларни қўшмаслик борасида умумий сиёсий консенсусга келинганди. Ҳозирги даврга келиб, мана шу консенсус бузилди, дейди яна бир суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов.

“Иккита жаҳон уруши асосий сабабчиларидан бири – Германия. Дунёдаги нацизм феномени айнан Гитлер билан боғланади. Немислар ҳар қандай шароитда ҳам миллатчиларга йўл бермасликка келишиб олганди, лекин сайлов бунинг бузилганини кўрсатди. Бироқ бу ерда тушунмовчилик бор. Аввал СССР таъсири ва назоратида яшаган собиқ ГДР томондаги немислар миллатчиликни қўллаяпти, лекин асосан муҳожирлар яшовчи ГФР тарафдагилар консерваторлар томонида” – Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос 

Эндиги асосий вазифа – ҳукуматни тузиш ва коалиция келишуви. Фридрих Мерц пасха байрамигача янги немис ҳукуматини тақдим этишга ваъда берган. Ултра-ўнглар билан ишлашни тўлиқ рад этган Мерц энди ГСДП билан келишиши керак, бироқ Шолц бунга юқори хоҳиш билдирмади. У тузилажак ҳукумат таркибида бўлишни ҳам рад этган. 630 кишилик парламентни назорат қилиш учун Мерц социал-демократлар билан келишишга мажбур.

ГуМнинг бу қадар юқори натижа қайд этишига бевосита таъсир қилган омил – Доналд Трампнинг президентликка қайтиши бўлди. Унинг гуруҳидагилар – вице-президент Ж.Д Венс ҳамда Илон Маск сайловдан олдин очиқдан-очиқ Элис Вейделни қўллагани немисларни ҳайратлантирганди. Мюнхен хавфсизлик конференциясида эса АҚШ делегациясидан ҳеч ким Шолц билан кўришишни истамаган. Трамп эса Шолц ҳукумати кун тартибидан ҳамма чарчаганини айтганди.

Фридрих Мерц учун иқтисодий-энергетик сиёсат 1-ўринда, кейин миграция масалалари ва кейинги ўринда мудофаа ҳамда Украина мавзуси бўлади. Янги канцлер энергетик инқирозни ўнглаш учун қайта ядро энергетикасига мурожаат қилиши мумкин. Киевга ёрдам эса тўхтамайди, қўллаб-қувватлов давом этади.

Марказий Осиё билан алоқаларга келсак, деярли ўзгариш йўқ. Мерц ҳукумати ҳам умумий қарашлардан келиб чиқиб, Марказий Осиё билан алоқаларни давом эттиради. Қаттиқ миграция сиёсатини юритади, лекин бу Германия муҳожирлардан воз кечади дегани эмас. Шундан келиб чиқиб айтса бўладики, Мерц даврида ҳам Шолцнинг Ўзбекистон билан имзолаган миграция бўйича келишуви бекор қилинмайди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери