Исроил мудофаа армияси 18 мартга ўтар кечаси Ғазо секторига ўнлаб ҳаво ҳужумларини амалга оширди, деб ёзади The Times of Israel нашри Исроил ҳарбийларининг баёнотига таяниб. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, зарбалар Ҳамаснинг ўрта даражадаги қўмондонлари, фаластинликлар гуруҳи сиёсий бюроси аъзолари ва унинг инфратузилмасига қарши қаратилган.
«Сиёсий эшелон қарорига мувофиқ, ЦАХАЛ ва Шин-Бет ҳозирда Ғазо секторидаги Ҳамас террорчилик ташкилотига тегишли террорчилик объектларига ёпирилма зарбалар бермоқда. Тафсилотлар кейинроқ берилади», – дейилади Исроил мудофаа армияси ва Шин-Бет хавфсизлик хизматининг қўшма баёнотида.
Исроил бош вазири девонхонаси хабарида қайд этилишича, Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Исраэл Кац ҳарбийларга Ҳамасга қарши «қатъий чоралар кўриш» ҳақида кўрсатма берган.
Исроил мудофаа кучлари Ҳамас аъзолари Исроилга ҳужумлар тайёрлаётгани ва қайта гуруҳланишга уринаётганини пайқаганидан кейин кенг кўламли зарбалар беришни бошлаганини маълум қилди. Исраэл Кацнинг айтишича, зарбалар Ҳамас гаровга олинганларни озод қилишдан бош тортганидан кейин берилган. ЦАХАЛ зарбаларни «зарурат туғилганда» давом эттиришини таъкидлади.
Бинямин Нетаняҳу сулҳни узайтириш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда олдинга силжиш йўқлиги сабабли Ҳамасга зарба йўллашга буйруқ берганини айтди. «Бундан буён Исроил Ҳамасга қарши ҳаракат қилиб, ҳарбий қудратини оширади», – дейилади унинг баёнотида. Исроил расмийлари маълум қилишича, операция муддатсиз характерга эга ва кенгайиб бориши кутилмоқда.
Reuters агентлиги ёзишича, Исроил бутун Ғазо секторига, жумладан, Ғазо, Дайр-ал-Балоҳ, Хон Юнус ва Рафаҳ шаҳарларига зарбалар берган. Исроил армияси зарбалари Ғазо шаҳридаги Ал-Дараж марказий туманидан келган муҳожирлар яширинган Ал-Табиин мактабига тўғри келди, деб таъкидлайди Reuters. Гувоҳлар агентликка маълум қилишича, Исроил танклари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ ҳудудларини ўққа тутган, шу сабабли маҳаллий аҳоли уйларини тарк этиб, шимолга, Хон Юнусга йўл олган. Авиазарбалардан бири Ғазо сектори жанубидаги Ал-Мавоси туманидаги қочқинлар лагерига берилди, деб ёзади «Ал-Жазира».
Исроил Ғазо секторига зарба беришдан олдин АҚШ билан маслаҳатлашган.
















