Ўзбекистон | 19:17 / 20.03.2025
2633
2 дақиқада ўқилади

Туркиядаги ўзбекистонликлар провокацион постлар ва митинглардан узоқроқ бўлишга чақирилди

Туркияда ижтимоий тармоқларга «провокацион постлар» жойлаган 37 киши ҳибсга олинди. Шу боис Истанбулдаги Бош консулхона Ўзбекистон фуқароларини митинг ва оммавий йиғинлардан узоқроқ бўлишга чақирмоқда.

Фото: Getty images

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мамлакатда шу кунларда бўлаётган турли норозилик намойишлари ва оммавий йиғилишлар сабабли фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди.

Қайд этилишича, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда «провокацион постлар» жойлаштирган 261 кишини аниқлаган ва 37 кишини ҳибсга олган. «Шу сабабли сизни ижтимоий тармоқларда ҳар қандай хабар ёки фикр билдиришда жуда эҳтиёт бўлишга чақирамиз», — дейилади консулхона баёнотида.

Хавфсизликни таъминлаш учун қуйидагиларга амал қилиш сўралмоқда:

  • ҳар қандай норозилик намойишлари, митинглар ва оммавий йиғинлардан узоқроқ бўлиш;
  • одам гавжум жойларга бормаслик ва ҳаракатланиш йўналишингизни олдиндан режалаштириш;
  • ижтимоий тармоқларда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, провокацион хабарлар жойлаштирмаслик ва тарқатмаслик;
  • расмий хабарларга эътибор бериш ва вазият бўйича янгиликларни кузатиб бориш;
  • фавқулодда ҳолатларда Бош консулхона билан боғланиш (алоқа учун: +90 553 541 17 17).

«Сизнинг хавфсизлигингиз биз учун муҳим! Иложи борича эҳтиёт бўлинг ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўрсатмаларига риоя қилинг», — дея якунланади баёнот.

19 март куни Туркия полицияси Истанбул шаҳри мэри, мухолифатдаги Республика халқ партияси вакили Акром Имомўғлини ҳибсга олди. Шаҳар ҳокимидан ташқари унинг матбуот котиби, шунингдек, шаҳар маъмуриятининг яна 100 га яқин ходими ҳибсга олинган.

Имомўғли ҳибсга олиниши ортидан Туркияда намойишлар бошланди. Истанбул вилояти губернаторининг кейинги тўрт кун ичида кўчаларда акция ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги буйруғи ва шаҳар бўйлаб кўп сонли полициячилар жойлаштирилгани норозилик намойишлари бошланиб кетишини тўхтата олмади. Ўз навбатида Европа давлатлари ҳам Истанбул мэри қўлга олинганини қоралаб чиқмоқда.

Мавзуга оид