19 март куни Туркия полицияси Истанбул шаҳри мэри, мухолифатдаги Республика халқ партияси (CHP) вакили Акром Имомўғлини ҳибсга олди, деб хабар бермоқда CNN Turk. Шаҳар ҳокимидан ташқари унинг матбуот котиби, шунингдек, шаҳар маъмуриятининг яна 100 га яқин ходими ҳибсга олинган.
Маҳаллий ОАВ мэр конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий ташкилот тузиш ва «„Курдистон ишчилар партияси“га ёрдам бериш»да айбланмоқда. Associated Press агентлиги аниқлик киритишича, Имомўғли тендер ва шартномалар билан боғлиқ, коррупцияга қарши кенг кўламли амалиёт доирасида ушланган.
2019 йилдан буён Истанбул шаҳри мэри ҳисобланган сиёсатчи ҳибсга олиниши фонида шаҳарда бир нечта йўл ёпилди ва тўрт кун давомида ҳар қандай намойишлар ўтказиш тақиқланди. Шунингдек, NetBlocks мониторинг хизмати хабар беришича, Туркияда X ижтимоий тармоғи (собиқ твиттер), YouTube, Instagram ва TikTok’га кириш чекланган.
Бу воқеа фонида турк лираси курси рекорд даражада қулади. Тошкент вақти билан соат 12:42 га келиб лира курси бир доллар учун 40,95 лирага тушди, бу тарихдаги энг паст кўрсаткич бўлди. Yahoo Finance маълумотларига кўра, валюта кейинчалик бироз пасайиб, соат 13:10 га келиб бир доллар учун 38,91 лирага тенг бўлган.

Сессия бошида Borsa Istanbul 100 фонд индекси 6,9 фоизга тушиб кетган, шу сабабли акциялар савдоси тўхтатилган. Улар тикланганидан сўнг индекснинг пасайиши 4,6 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, Туркиянинг 10 йиллик давлат облигацияларининг даромадлилиги 175 пунктига – 29,94 фоизгача ошди. Бу 2025 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.
18 март куни Истанбул университети Туркия прокуратураси сўровига кўра Имомўғлининг 1995 йилда олган дипломи бекор қилинишини маълум қилди. Бунга 1990 йилда Кипр шимолидаги хусусий университетдан Истанбул университетининг бизнес бошқаруви факултетига ўтишида йўл қўйилган қонунбузарликлар сабаб қилиб кўрсатилган.








