Имомўғли ҳибсга олиниши ортидан Туркияда намойишлар бошланди
Истанбул ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида чоршанба куни кейинги президентлик сайловларида Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақиби ҳисобланган мухолифатчи Акром Имомўғли ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Истанбул мэрияси атрофида минглаб кишилар тўпланди / Getty Images
Истанбул вилояти губернаторининг кейинги тўрт кун ичида кўчаларда акция ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги буйруғи ва шаҳар бўйлаб кўп сонли полициячилар жойлаштирилгани норозилик намойишлари бошланиб кетишини тўхтата олмади.
Полиция мэрияни ўраб олган, йўлларнинг бир қисми ва Тақсим марказий майдони тўсиб қўйилган. Намойишчилар шаҳар ҳокимияти, Имомўғли сақланаётган полиция бўлими, Истанбул университети ва бошқа жойлар яқинида тўпланган.
«Содир бўлган иш – тўнтаришга уриниш. Акром Имомўғлининг [президентликка] номзод бўлиш эркинлиги тортиб олинмаяпти, бу миллатнинг уни сайлаш эркинлиги тортиб олинмоқда», – деди Республика халқ партияси етакчиси Ўзгур Ўзел мэрия биноси олдида йиғилганлар олдида сўзлаган нутқида.
Мэрнинг рафиқаси Дилек Имомўғли унинг ҳибсга олинишини «Туркиянинг бўлажак президентини йўқ қилишга қаратилган мақсадли сиёсий амалиёт» деб атади. «Бу миллатга тўғридан тўғри зарба ва биз курашамиз», – деди у.

Дастлабки тўқнашувлар ҳақида хабарлар келган. Воқеа жойидан олинган кадрларга кўра, полиция Истанбул университети ҳудудида Имомўғлининг олий маълумот тўғрисидаги дипломини бекор қилиш қарорига норозилик билдирган талабаларни тарқатиш учун махсус воситалардан фойдаланган.
18 март куни Истанбул университети Туркия прокуратураси сўровига кўра Имомўғлининг 1995 йилда олган дипломи бекор қилинишини маълум қилди. Бунга 1990 йилда Кипр шимолидаги хусусий университетдан Истанбул университетининг бизнес бошқаруви факултетига ўтишида йўл қўйилган қонунбузарликлар сабаб қилиб кўрсатилган.
Бу кўпчилик томонидан мухолифатчи мэрнинг навбатдаги президентлик пойгасида иштирок этишига тўсқинлик қилиш учун сиёсий сабаб сифатида қабул қилинди. Чунки олий маълумот тўғрисидаги диплом Туркиядаги президентлик сайловларида иштирок этишнинг мажбурий шарти ҳисобланади. Имомўғли университет қарорини «юридик жиҳатдан асоссиз» ва «академик ҳаётга сиёсий аралашувнинг хавотирли белгиси» деб атади.
Республика халқ партиясининг яқин якшанба куни бўлиб ўтадиган қурултойида 2028 йил ўтказилиши керак бўлган президентлик сайловларида мухолифат номзоди сифатида Акром Имомўғли эълон қилиниши кутилаётганди (муддатидан олдин сайловлар 2027 йил ноябрида бўлиб ўтиши ҳам мумкин).

Имомўғли иккита тергов иши бўйича фигурант саналмоқда – у коррупция ва террорчилик ташкилотлари билан алоқадорликда гумон қилинмоқда. Маълум қилинишича, тергов доирасида 100 га яқин киши, жумладан, сиёсатчилар, журналистлар ва тадбиркорлар қўлга олинган.
Имомўғли ҳибсга олинганидан кейин унинг ижтимоий тармоқларида «халқ иродасини қўрқитиш ёки ноқонуний ҳаракатлар билан бўғиб бўлмаслиги» ҳақида баёнот пайдо бўлди.
«Мен нафақат Истанбулнинг 16 миллионлик аҳолисига, балки Туркиянинг 86 миллион фуқаросига, шунингдек, бутун дунё бўйлаб демократия ва адолатни қўллаб-қувватловчиларнинг барчасига ўзимни ишониб, собит турибман», – дейилади баёнотда.
NetBlocks мониторинг хизмати хабар беришича, Туркияда X ижтимоий тармоғи (собиқ твиттер), YouTube, Instagram ва TikTok’га кириш чекланган.
Бу воқеа фонида турк лираси курси рекорд даражада пасайди. Лира курси бир доллар учун 40,95 лирагача тушди, бу тарихдаги энг паст кўрсаткич бўлди. 20 март кунига келиб вазият барқарорлашган ва курс бир доллар учун 37,99 лирани ташкил этмоқда.

Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч мэр сиёсий таъқиб қилинаётгани ҳақидаги айбловларини рад этди ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанни мухолифатга қарши қатағон ва ҳибсга олишлар билан боғлаётганларни танқид қилди.
Унинг сўзларига кўра, буни сиёсий қадам деб тахмин қилиш «ўта хавфли ва нотўғри». Туркияда ҳеч ким қонундан устун эмас, дея қўшимча қилди у.
Адлия вазирлиги вазият юзасидан баёнот эълон қилди. Вазирлик иккита ҳолат бўйича тергов бошлангани, жами 106 киши ҳибсга олингани ва президентнинг бу ишга мутлақо алоқаси йўқлигини билдирган. Адлия ташкилоти ишни Эрдўғанга улаганларни «ҳаддини билмаганлар» дея атаган.
Ҳукуматдаги Адолат ва тараққиёт партияси ҳам Эрдўғанга қўйилган айбловларни рад этиб, Туркия суд тизими мустақиллигини эълон қилди.
Имомўғли ҳибсга олинганидан кейин норозилик намойишлари пойтахт Анқара ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Якшанба куни бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли норозилик намойишлари ўтказилиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
“Ҳайдовчиларнинг манфаати энг охирги ўринда бўлиши керак” – тезлик “чегирмаси”нинг оширилиши эътирозга сабаб бўлмоқда
Ўзбекистон | 10:45 / 22.03.2025
Путин Россия Одессага даъво қилмаслиги шартини айтган – «Коммерсант»
Жаҳон | 22:26 / 19.03.2025
Қозоғистонда амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда
Жаҳон | 18:16 / 19.03.2025
Трамп: «Украинага босим ўтказишга мажбур бўлгандик»
Жаҳон | 20:53 / 18.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
23 март куни магнит бўрони кучайиши кутилмоқда
Жаҳон | 01:36
-
АҚШ «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини яратади
Жаҳон | 00:33
-
Олимлар нима учун одамларда эрта болалик хотиралари йўқлигини тушунтирди
Фан-техника | 00:10
-
Тезликни оширишга рухсат, Temu'га тақиқ ва экспортга божлар — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 22:55 / 22.03.2025
Мавзуга оид

18:50 / 22.03.2025
Туркияда намойишлар авж олмоқда, юзлаб одамлар ҳибсга олинган

03:23 / 22.03.2025
Ҳибсга олинган Истанбул мэри барча айбловларни рад этди

10:25 / 21.03.2025
“Бу кутилаётган ҳибс эди” — таҳлилчилар Имомўғлининг қўлга олиниши ҳақида

00:19 / 21.03.2025