Жаҳон | 13:20 / 29.03.2025
4022
9 дақиқада ўқилади

Маянма ва Таиланддаги кучли зилзила, Исроилда қайтадан авж олган намойишлар ва Трампдан ўч олмоқчи бўлаётган иттифоқчилар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Мянмада кучли зилзила рўй берди

Мянмада 7,7 магнитудали кучли зилзила рўй берди. Зилзила ўчоғи Сагайн шаҳри яқинида қайд этилди. Силкинишлар Таиланд ва Хитойнинг Мянма билан чегарадош ҳудудларида ҳам сезилди. Кучли зилзиладан сўнг афтершоклар ҳам кузатилган.

Таиланд пойтахти Бангкокдаги осмонўпар бинолар томидаги бассейнлардан сув ташқарига тошиб чиқди. Шунингдек, қурилаётган баланд бино чайқалишга дош беролмай, қулаб тушган. Бу бино вайроналари остида ўнлаб ишчилар қолиб кетгани айтилмоқда.

Ҳукумат биноларидан бири ҳам қулаб тушган. Таиланд пойтахтида фавқулодда ҳолат эълон қилинди ва бинолардан эвакуация қилинган одамлар саросимада кўчаларда зилзила тинишини кутишга мажбур бўлишди.

Мянма пойтахтида баъзи ибодатхоналар вайрон бўлди.

1,5 млн киши истиқомат қиладиган Мандалай шаҳридаги қулаган масжид остида ўн киши қолиб кетган.

Хитойнинг Жуйли шаҳрида осмонўпар бино томидан тошиб чиққан сув одамлар устига ёпирилган.

Зилзила оқибатлари ҳозирча расман тўлиқ маълум эмас. Фақат 150 дан ошиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар берилмоқда.

Исроил Рафаҳни бомбаламоқда

Исроил ҳарбий авиацияси Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳаво ҳужуми уюштирди. WAFA агентлиги хабарига кўра, зарба шаҳар шарқидаги «Ал-Машру» ҳалқа йўл айланмасига етган. Ҳужум натижасида бир фаластинлик ҳалок бўлиб, яна бир неча киши яраланган.

Шунингдек, Хон Юнус шаҳри шарқида жойлашган Абесан ал-Кабира қишлоғига Исроил армияси томонидан кучли ўқ ёғдирилган. Ғазо шаҳрининг Ат-Туффаҳ тумани эса артиллерия зарбасига учраган.

Исроил ва «ҲАМАС» 18 мартда тугаган сўнгги сулҳнинг бузилишида бир-бирини айблашда давом этмоқда. Исроил маълумотига кўра, «ҲАМАС» 2023 йил 7 октябрда олиб кетилган 250 нафардан ортиқ одамдан 59 тасини ҳамон гаровда асирликда ушлаб турибди.

Исроил фақат гаровдагилар озод этилиши давом этса, вақтинчалик сулҳни узайтиришга тайёр эканини айтмоқда. Бу таклифни АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Исроилда намойишлар яна авж олди

Исроилда ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишлари қайта бошланди. 27 март куни минглаб фуқаролар суд ислоҳоти доирасида қабул қилинган зиддиятли қонунга қарши кўчаларга чиқди. Улар судяларни тайинлашда ҳукумат ваколатларини кенгайтиришга қарши чиқишмоқда.

Намойишчилар шунингдек, гаровга олинганларни озод этиш мақсадида ҲАМАС билан келишувга эришишни талаб қилмоқда. Улар Исроил ҳукумати Ғазода ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокарага ўтиши кераклигини таъкидлашмоқда.

Қонунни Кнессетда 67 депутат қўллаб-қувватлаган. Мухолифат эса овоз беришни бойкот қилган. Бу ҳужжат Нетаняҳуга 2023 йилда баҳсларга сабаб бўлган суд ислоҳотларини давом эттириш имконини беради.

Мазкур норозиликлар мамлакатда сиёсий инқироз кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Туркияда 1900 га яқин намойишчи қўлга олинди

Туркияда кенг кўламли норозилик намойишлари давом этмоқда. Акрам Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан бошланган норозиликлар олти кундирки тўхтамаяпти. Мамлакат Ички ишлар вазири Али Ерлиқоянинг маълум қилишича, 19–25 март кунлари 1879 киши полицияга қаршилик кўрсатганлик айби билан ушланган.

Ҳозирга келиб 260 киши ҳибсда қолмоқда, 662 нафарининг иши судда кўриб чиқиляпти, 489 киши озод этилган. Вазият давомида 150 полициячи яралангани ҳам қайд этилди.

Туркия ҳукумати оммавий йиғилишларни 1 апрелга қадар тақиқлаган. Аммо намойишлар давом этмоқда. 27 март куни Анқарадаги Яқин Шарқ техника университетида полиция талабаларни тарқатиш учун сув тўплари ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Мухолифат талабалар матбуотга баёнот бермоқчи бўлганини, аммо уларга рухсат берилмаганини маълум қилди.

АҚШ Путин таклифига рад жавоби берди

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти вакиллари Путиннинг Украинада БМТ шафелиги остида ташқи бошқарув жорий этиш таклифига жавоб қайтарди. Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Reuters агентлигига берган баёнотида Украинадаги бошқарув тизими фақат унинг Конституцияси ва халқ хоҳишига асосланиши кераклигини билдирди.

Вашингтон бу позицияни расмий деб тан оладими-йўқми — ҳозирча ноаниқ. Аввалроқ Трамп Зеленскийни диктатор, деб атаган ва Кремл риторикасини такрорлаган эди.

Financial Times мухбирига кўра, Путин Трамп билан музокараларда жиддий ён беришларга эришганини ҳис қилмоқда. Россия раҳбари денгизчилар билан учрашувда «Украинада урушни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдоримиз, аммо бу бизнинг ҳисобимиздан бўлмаслиги керак», деб таъкидлади.

АҚШ: «Россия юқори даражада музокарага тайёр эмас»

АҚШ давлат котиби Марко Рубиога кўра, Россия билан юқори даражадаги музокараларни бошлашга ҳали эрта. Унга кўра, аввал техник даражада етарли илдамлашувга эришиш керак.

«Ҳозирча барча жиҳатларни аниқлаб олишимиз керак. Кейин президентга тақдим этамиз ва кейинги қадамни белгилаймиз», — деди у.

Рубио Саудия Арабистонида Россия ва Украина билан ўтказилган музокаралар ҳақида ўз делегациясидан ҳисобот олишини таъкидлади. Унинг айтишича, Америка томони тинчликка эришиш учун ҳаракатни давом эттиради, аммо келишув муддати номаълум.

Эслатиб ўтамиз, Ар-Риёддаги музокаралардан сўнг Қора денгизда хавфсизлик чоралари ва куч ишлатмаслик бўйича келишувга эришилган эди. Россия эса санкциялар юмшатилишини талаб қилмоқда.

Еврокомиссия эса Россия Украинага босқинни тўхтатиб, ўз ҳарбийларини олиб чиқмагунча, санкциялар қайта кўриб чиқилмаслигини маълум қилди.

АҚШ Украина ресурсларини назорат қилмоқчи

АҚШ Украинадан фойдали қазилмалар, нефть, газ, портлар, заводлар ва йўллар каби барча табиий ресурслар устидан назоратни талаб қилмоқда. Bloomberg ва Financial Times манбаларига кўра, 58 саҳифалик келишув лойиҳаси Киевга 23 март куни тақдим этилган.

Лойиҳа Америка сармояларини ҳимоя қилиш учун Украинадаги минерал ва инфратузилма лойиҳалари устида Вашингтонга кенг ваколатлар беришни назарда тутади. Аммо ҳужжат Украина учун хавфсизлик кафолатларини қамраб олмаган.

Лойиҳага кўра, АҚШ Украина тикланиш фондини бошқаради ва барча даромадларга устувор ҳуқуқни олади. Америка шу пайтгача кўрсатган ёрдам мажбурий «инвестиция» сифатида ҳисобланиб, Киев аввал бу харажатларни қоплаши керак бўлади.

Фондни АҚШнинг халқаро молия корпорацияси бошқаради. У беш директорнинг учтасини тайинлаб, муҳим қарорларга вето қўя олади. Украина фақат икки вакил таклиф этади, лекин бошқарувда иштирок этолмайди.

Янги лойиҳалар даромадининг 50 фоизи мажбурий равишда фондга ўтказилади. Америка ўз сармоясини қайтармагунча 100 фоиз фойдага эга бўлади. Украина ундан кейин ҳам даромадларнинг фақат 50 фоизини талаб қила олади.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент келишув 31 март — 6 апрел оралиғида имзоланиши мумкинлигини айтди. Аммо Financial Times билан суҳбатлашган украиналик расмийлар бу муддат реал эмаслигини билдирган. Улардан бири ҳужжатни «адолатсиз», бошқаси эса «талончилик» деб атаган.

Украина келишувни қайта кўриб чиқиш учун юристлар гуруҳини жалб этган.

Бутун дунё Трампдан ўч олмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп импорт автомобили ва юк машиналарига 25 фоизлик бож жорий этди. Бу қарор бутун дунёда шов-шувга сабаб бўлди.

Канада бош вазири Марк Карни бу божларга жавоб тарифи жорий этилишини маълум қилди. «Биз АҚШга катта иқтисодий зарар, ўзимизга эса кам хатар келтирадиган чоралар кўрамиз», — деди у.

Европа давлатлари ҳам шошилинч ҳаракатга ўтди. Германиянинг кетаётган канцлери Олаф Шолц бу қарорни «ҳаммага зарар етказувчи» деб атади. Франция ва Британия ЕИ орқали жавоб тарифи ва Tesla учун имтиёзларни қайта кўриб чиқмоқчи.

Япония ва Жанубий Корея ҳам ўз чораларини тайёрлаяпти. Ferrari аллақачон нархларни 10 фоизга оширди.

Трамп эса бу жавоб чораларига қарата: «Агар Европа Иттифоқи ва Канада савдо урушида бирлашадиган бўлса, уларга нисбатан янада қаттиқ санкциялар бўлади», – дея янги таҳдид қилмоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери