Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил ҲАМАСга таҳдид қилди

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш режасини тасдиқлади. Унга кўра, армиянинг асосий мақсади — ҲАМАС қўлида гаровда ушлаб турилган асирларни озод қилиш.

Кацнинг сўзларига кўра, агар ҲАМАС бу талабни рад этса, «катта йўқотишлар»га дуч келади.

18 март куни Исроил кенг кўламли ҳаво зарбаларини бошлаб, 19 январдан буён амал қилиб келаётган оташкесим режимини бузган эди.

Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги кунларда амалга оширилган зарбаларда 792 фаластинлик ҳалок бўлган, 1663 киши яраланган. Биргина 25 март тонгидаги ҳужумларда камида 20 фаластинлик қурбон бўлган.

Ҳусийчилар Тел Авив аэропортига яна зарба берди

Хусийчилар 25 март тонгида Тел-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропортига икки баллистик ракета билан зарба берганини маълум қилди. Ҳаракат вакили Яҳё Сариага кўра, бу сўнгги ҳафтадаги бешинчи ҳужумдир.

Сариа бу ҳаракат Исроилнинг Ғазодаги тажовузини тўхтатиш мақсадида амалга оширилганини айтди. Унга кўра, бундан буён Исроилнинг энг катта аэропорти парвозлар учун хавфлилигича қолади.

Исроил томони эса барча ракеталар мамлакат ҳаво ҳудудига етиб бормасдан йўқ қилинганини билдирган. Ҳеч қандай талафот ёки жабрланувчи ҳақида маълумот берилмаган.

Хусийчилар шунингдек, АҚШ қўшинларига қарши Қизил денгизда ҳам мунтазам зарбалар йўлга қўйилганини иддао қилмоқда.

Зеленский Ар-Риёддаги музокаралар ҳақида

Украина президенти Володимир Зеленский Ар-Риёдда ўтган музокаралар чоғида Қора денгизда зарбаларни тўхтатиш юзасидан АҚШ, Украина ва Россия делегациялари келишувга эришганини маълум қилди. Унга кўра, келишув Вашингтон расмий баёнот берганидан сўнг кучга киради.

Зеленский АҚШ Россия билан ҳудудлар масаласини муҳокама қилаётганини билдирди ва Киев бу музокараларда иштирок этмаётганидан хавотирланаётганини яширмади. «Бизни АҚШнинг Россияга қанчалик таъсир кўрсата олиши қизиқтиради, акси эмас», — деди у.