Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни «Марказий Осиё – ЕИ» биринчи саммитида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Ўтган йил якунларига кўра 1,1 миллиард доллардан ошган товар айирбошлаш кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биргаликда «Шовот - Тошҳовуз» чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда. Фаол ҳудудлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинув доирасидаги тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Бўлажак олий даражадаги икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, кенг қамровли ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари 31 март куни Хўжанд шаҳрида давлат раҳбарларининг уч томонлама учрашуви самарали бўлгани ҳамда давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар. Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари, хусусан, саноат, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳаларида муҳим кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилди. Давлат раҳбарлари фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Бўлажак тадбирлар режаси ва минтақавий ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокара ўтказди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари жорий йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида ўтган олий даражадаги уч томонлама учрашувнинг тарихий натижаларини катта мамнуният билан қайд этдилар. Чегара масалаларининг тўлиқ тартибга солиниши минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очиши таъкидланди.
















