Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг жорий фаолияти ва қувватларини кенгайтириш бўйича режалар юзасидан тақдимот билан танишди.
1997 йилда ишга туширилган завод йилига 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш лойиҳавий қувватига эга. Бу ерда автобензин, дизель ёнилғиси, авиакеросин ва бошқа турдаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Заводда 3,2 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда.
Тақдимотда корхонанинг ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлари ҳақида ахборот берилди. Жорий йилнинг тўққиз ойида 1,5 миллион тоннадан зиёд хомашё қайта ишланиб, қарийб 1,5 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Соф фойда 2,2 триллион сўмни ташкил этган.
Йил якунига қадар хомашёни қайта ишлаш ҳажмини 2,17 миллион тоннага, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни эса 2,12 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Корхонани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва юқори сифатли ёқилғи турларини ўзлаштиришдир.
Хусусан, заводда Евро-5 экологик стандартига жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 русумли автобензин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қиймати 328 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилган. Унинг доирасида мавжуд технологик жараёнларни такомиллаштириш ва янги ишлаб чиқариш қурилмаларини барпо этиш кўзда тутилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 1,1 миллион тонна Евро-5 стандартидаги автобензин ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шунингдек, импорт қилинадиган ёқилғи қўшимчалари харажатларидан йилига 150 миллион долларгача маблағ тежалиши ва 200 та янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда.
Режага кўра, лойиҳани 2029 йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш мўлжалланган.
Тақдимотда заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш бўйича истиқболли лойиҳа ҳам кўриб чиқилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 1,8 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳа доирасида нефтни замонавий қайта ишлаш ва нефть-кимё технологияларини жорий этиш, янги технологик қурилмаларни барпо қилиш режалаштирилган.
Натижада заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотларининг умумий йиллик ҳажмини ҳозирги 2,1 миллион тоннадан 4,6 миллион тоннага етказиш имконияти пайдо бўлади. Жумладан, автобензин ишлаб чиқариш 2,7 миллион тоннага, дизель ёнилғиси 1,24 миллион тоннага, авиакеросин 500 минг тоннага етказилиши кўзда тутилган.













