Қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ, нодавлат театр ва театр-студиялар томонидан ҳар йили 50 та саҳна асарини яратиш билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, уларнинг хусусий биноларни ижарага олиш харажатларининг ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган қисми ҳам давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, давлат маданият объектлари бўш вақтларида нодавлат театр ва театр-студияларга спектаклларни намойиш этиш учун ижара тўловисиз фойдаланишга берилади.

Агар муайян томоша залидан фойдаланиш учун икки ёки ундан ортиқ нодавлат театр ёки театр-студия талабгор бўлса, улар ўртасида танлов ўтказилади.

Мазкур тартиб нодавлат театрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги саҳна асарлари яратилишини рағбатлантириш ва уларнинг спектакллар намойиш этиши учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган.