Ўзбекистон | 23:15 / 13.08.2025
7200
6 дақиқада ўқилади

Ташкил қилинаётган янги агентлик, заправкаларда навбатдаги портлаш ва 9,5 млрд сўмни ўзлаштирган ёлланма ходим – маҳаллий дайжест

Тўқимачилик, чарм ва ипак саноатига масъул бўладиган Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинади. Халқ банкида ёлланма ходим 9,5 млрд сўм маблағни ўзлаштириб юборди. Поп туманидаги ўрмонда ёнғин юз берди, Шўрчи туманида эса пропан заправка портлади. Kun.uz ёритган ушбу муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Янги агентлик ташкил қилинади

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинади. Агентлик тўқимачилик, чарм ва ипак саноатига масъул бўлади. Унга инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов раҳбарлик қилади.

Агентлик қошида тажрибали тадбиркорлардан иборат кенгаш ташкил қилинади. Агентликнинг алоҳида жамғармаси бўлади, давлат кўмаги, шунингдек тўқимачилик корхоналарига арзон айланма маблағ шу жамғарма орқали берилади. Жамғармага 200 миллион доллар ажратилади.

Янги агентликка кенгаш билан биргаликда тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, таннарх, ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича ечимлар ишлаб чиқиш, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими орқали тайёр маҳсулот экспортини 2 баробарга ошириш, кооперацияни кучайтириб, паст қувватда ишлаётган корхоналарни соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди. Шунингдек, Халқаро консултантлар билан биргаликда тўқимачиликни 2030 йилга қадар ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда чарм, ипак ва гиламчилик саноатини ривожлантириш бўйича ҳам таклифларни киритиш вазифаси қўйилди.

Заправкаларда навбатдаги портлаш

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги пропан заправкада портлаш ва ёнғин содир бўлди. Аввалига оловли портлаш рўй берган, кейин осмонга қуюқ тутун кўтарилган, атрофдаги катта ёшлилар ва болалар ҳар томонга қочган.

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, Оққўрғон маҳалласи Жарқишлоқ ҳудудида жойлашган заправкада автоцистернадан ёқилғи сақлаш резервуарига ёқилғи тўкиш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида чақнаш рўй берган ва ёнғин келиб чиққан. 8 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳодиса жойига етиб борган ҳамда ёнғин 9 дақиқада ўчирилган.

Бу сўнгги бир ойда Ўзбекистон ҳудудидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида рўй берган бешинчи фавқулодда ҳолатдир.

Яна ўрмон ёнди

Заправкалар портлаётган бир пайтда ўрмон ёнғинлари ҳам такрорланмоқда. Олдинроқ Шеробод ва Бўстонлиқда ўрмон ёнғинлари кузатилганди. 12 август куни эса Наманган вилояти, Поп тумани, Гулистон маҳалласида жойлашган Ибн-Сино ўрмон хўжалигига қарашли қир-адирликда ёнғин содир бўлди.

ФВБ маълумотига кўра, 12 август куни соат 15:14 да ёнғин ҳақидаги хабар келиб тушган. Шунга кўра, ФВБ 20 нафар ходими, 2 та техникаси, Ўрмон хўжалигининг 20 нафар ходими ва 1 та техникаси ёнғин ҳудудига етиб борган. Ёнғин ўраб олинганидан сўнг 25 дақиқада ўчирилган. Тахминан 70 сотих майдонда қуруқ ўт (шох-шабба) ёнган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

Банкни “чув туширган” ёлланма ходим

Наманган вилояти Халқ банки Янгиқўрғон тумани банк хизматлари марказида аниқланган ҳуқуқбузарликлар тафсилотлари маълум қилинди.

Наманган вилояти Минтақавий маркази ёлланма ходими томонидан банкнинг дастурий таъминотига ноқонуний кирган ҳолда, 9,5 млрд сўм пул маблағлари ўзлаштирилган. Бу жорий йилнинг апрел ойида банкнинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.

Ҳозирда ушбу ишга алоқадор бўлган шахсларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қалбаки пулли “бой” ушланди

Пул билан боғлиқ яна бир хабар: Қўқонда қалбаки пулларни муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушланди. Тезкор тадбирда ушбу шахс 50 млн сўм миқдоридаги қалбаки пулларни шартли харидорга 8 млн сўм эвазига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 50 минг, 100 минг ва 200 минг сўмлик жами 315,5 млн сўм миқдоридаги қалбаки купюралар ҳамда 100 АҚШ долларилик жами 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки купюралар борлиги маълум бўлган ва тегишли тартибда олиб қўйилган.

Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қалбаки пул маблағларини унга етказиб берган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари санаси белгиланди

Талабалар ўқишини хорижий давлатлардаги олийгоҳлардан, шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олийгоҳларидан давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича тест синовлари 18-19 август кунлари бўлиб ўтади.

Тест синовлари икки сменада ташкил этилади ва 1-сменада 8:00 дан 11:00 га қадар, 2-сменада 15:00 дан 18:00 га қадар бўлиб ўтади. Тест синовлари 2 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фан бўйича ўтказилади ҳамда талабгорларга мутахассислик фанларида 30 тадан, мажбурий фанларда 10 тадан - жами 90 та тест топшириғи ва уларни ишлаш ҳамда жавоблар варақасига кўчириш учун 3 соат вақт берилади.

Талабгорлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Билимни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz сайтидан олиши мумкин. 

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид