Ўзбекистон | 23:30 / 21.08.2025
4943
7 дақиқада ўқилади

Солиқдан қочувчи қурувчилар, пора билан ушланган Халқ қабулхонаси ходими ва қамалган тиктокер – маҳаллий дайжест

Президент Янги Тошкентдаги қурилиш ишлари билан танишди, солиқдан қарзи энг кўп қурилиш компаниялари очиқланди. Фарғона ва Сурхондарёда давлат ходимлари пора билан қўлга тушди. Афғонистонда Алишер Навоий ёдгорлиги бузилди. Шунингдек, ўзбекистонликларни ҳақорат қилган тиктокерга суд ҳукми ўқилди. Шу ва бошқа муҳим хабарлар билан Kun.uzʼнинг маҳаллий янгиликлар дайжестида таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди. Қурилиш 2023 йилда бошланган бўлиб, ҳозир шаҳарнинг ерости муҳандислик тармоқлари – сув, иссиқлик, электр ва телекоммуникация қувурлари ўтказилаётган коллекторлар қурилмоқда. Шу билан бирга туннеллар ва ерости тураргоҳлари барпо этилиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда замонавий иншоотлар қурилади, 600 минг аҳоли учун шароит яратилади. Лойиҳа тўлиқ якунланганда эса 2 миллионга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда 60 дан ортиқ давлат идоралари учун маъмурий бинолар барпо этилади ва айни пайтда 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар вақтинчалик объектларда фаолият бошлаган.

Шаҳарда экологик тоза транспорт тизими – метро ва электробуслар ҳаракати, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулайликлар, замонавий яшил ҳудудлар ташкил этилиши назарда тутилган. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар қизиқиши юқори бўлиб, аукционда сотилган 13 та тижорий лот бўйича 554 млн долларлик шартномалар тузилган. Қурилиш жараёнида 160 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади, келажакда шаҳарда инновацион технологиялар ва юқори даромадли иш ўринлари яратилади.

Президент Мирзиёев лойиҳаларга инвестициялар жалб қилиш, дам олиш ва хизматлар билан боғлиқ масалаларни самарали йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берди.

Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги бузиб ташланди

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва у ҳақида маълумотлар ёзилган деворлар маҳаллий ҳокимият томонидан қулатилди. Ҳодиса “Толибон” ҳокимиятга келганининг 4 йиллигини нишонлаган куни содир бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги изоҳ сўраган, Афғонистон томони девор ва ҳайкал ўз ўрнига муносиб эмаслиги ва янги мажмуа қурилиши режалаштирилганини билдирган. Бўлажак ёдгорлик Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотларни ўз ичига олади, майдонга аллома номи қўйилади.

Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда жамоатчилик билан келишилмаган бу ишлар юзасидан афсус билдирган.

2023 йил ҳайкалнинг ўзи ҳам бузиб ташланган. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Халқ қабулхонаси ходими пора билан ушланди

Фарғона вилоятида Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси 5 млн сўм пора олаётган вақтда ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди. У кредит қарздорлиги бўйича ижро ҳужжати билан танишиб, уни йўқ қилиш эвазига пул талаб қилган.

Шунингдек, Сурхондарёда «Энергосавдо» филиали Сурхондарё вилояти, Олтинсой туман бўлими бошлиғи ҳам электр энергиясидан қарздор фермердан 5 млн сўм талаб қилгани учун жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозир бу шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази музейи учун форс ҳукмдорлар қиличларининг нусхалари тайёрланмоқда

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази вакиллари Теҳрондаги «Саадобод» ҳарбий музейида сақланаётган Амир Темур даврига оид иккита ноёб қиличнинг нусхаларини яратиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Тиғ репликаларини Иккинчи Ренессансга бағишланган зал экспозициясига киритиш режалаштирилган.

Марказ делегацияси Эроннинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб, Машҳадда XV асрга оид мадрасалар, масжидлар ва карвонсаройларни кўздан кечирди. Алоҳида эътибор «Гавҳаршод» масжидига қаратилди, унинг меъморий қиёфаси Самарқанд ва Бухоро ёдгорликлари билан ҳамоҳанглиги таъкидланди. Экспозицияда масжиднинг 3D модели ёки макети ҳам тақдим этилади.

Деҳқон бозорида тадбиркорларга енгилликлар яратилади

2025 йил 1 ноябрдан барча тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан нақд пулга харид қилганда, кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириши мумкин бўлади. Бу тартиб аввал фақат умумий овқатланиш корхоналари ва экспортёрларга амал қилган эди.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади. Мобил видеокамерасиз ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

Янги қонун лойиҳаси солиқ ҳисоботини кечиктирганлик учун жарималарни камайтиришни, ҳисоботлар тақдим қилинмаган ҳолатда битта умумий жарима қўлланишини ҳам назарда тутади. Охирги уч ойда ҳисоботларни ўз вақтида топширган тадбиркорларга эса жарима 5 кун давомида қўлланмайди.

Солиқдан энг кўп қарзи бор қурилиш компаниялари маълум қилинди

2025 йил 1 август ҳолатига кўра, 100 миллион сўмдан ортиқ қарзи бўлган қурилиш корхоналари сони 1163 тага етди. Умумий қарздорлик 1 триллион сўмдан ошиб кетган.

Шундан 385 миллиард сўмлик қарз, яъни қарздорликнинг 38 фоизи фақат 10 та йирик компания ҳисобига тўғри келади. Улар орасида “Reliable Stroy Invest” – 81,5 миллиард сўм, “Моҳир-Қурувчи” – 65,3 миллиард сўм ва “Aziya Invest Favorit” – 63 миллиард сўм қарздорлиги билан юқори ўринларда турибди.

Ҳудудлар кесимида энг катта қарздорлик Тошкент шаҳрида қайд этилган – 393 миллиард сўм. Кейинги ўринларда Андижон вилояти – 123 миллиард ва Навоий вилояти – 82 миллиард сўм қарздорлик билан қайд этилган.

Солиқ қўмитаси корхоналарнинг қарздорлигини бартараф этиш учун қонун доирасида чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамалди

Абдуллоҳ номи билан танилган тиктокер Валерий Югай суд ҳукми билан 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилди. У миллий ва диний адоват қўзғатиш, шунингдек, президентга тажовуз қилишда айбдор деб топилган. Жазони манзил-колонияда ўтайди.

Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган. Югай белгиланган тартибда юқори суд инстанцияларига апелляция ёки кассация шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, блогер 2024 йилда Жанубий Кореяда бўлганида ижтимоий тармоқ орқали ўзбекистонликларни ҳақорат қилган чиқишлари билан жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарган эди. Жорий йил март ойида эса у Абу Дабидан Самарқандга қайтарилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланган.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид