Жаҳон | 19:17 / 10.09.2025
7027
5 дақиқада ўқилади

Тўқаев халққа мурожаатида «айрим урушвоз аёллар» ҳақида гапирди

Қозоғистонликлар президентни қайси аёллар ранжитгани ҳақида баҳслашмоқда.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев халққа мурожаатида тўсатдан баъзи аёлларнинг шовқин-сурон кўтариб, беҳаёлик қилиши ҳақида гапирди. Ва қозоғистонликларни у айнан кимни назарда тутгани ва нима учун ўз нутқида бу ҳақда гапиргани ҳақида баҳслашишга мажбур қилди.

«Тан олиш керак, - деди Тўқаев, - ҳозир қўполлик, сўкиниш, жанжаллар одатий ҳолга айланган, уларни кўпинча ҳатто жамоат жойларида, йўлларда ҳам кузатиш мумкин. Айниқса, аёлларнинг одамлар кўз ўнгида жанжал кўтариши, беҳаё сўзларни айтиши, уятсиз-бузуқ ишларни қилиши кишини ранжитади. Маданий, цивилизациялашган жамиятда бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди, улар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказади».

Президент фуқароларни илғор миллат бўлиш учун «бундай салбий хулқ-атвор намуналаридан» халос бўлишга чақирди.

Давлат раҳбарининг баёноти ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокама ва баҳсларни келтириб чиқарди.

Кейинчалик Оқўрда стенограммадаги таржимага тузатиш киритди (бу сўзлар қозоқ тилида эди), аммо у аввалгидан ҳам ёмонроқ чиқди.

«Тан олиш керак, - деди Тўқаев тузатилган вариантда, - ҳозир қўполлик, сўкиниш, жанжаллар одатий ҳолга айланган, уларни кўпинча ҳатто жамоат жойларида, йўлларда ҳам кузатиш мумкин. Афсуски, улар орасида жанжал кўтараётган, беҳаё сўзларни ишлатаётган, жамоат тартибини бузаётган аёллар ҳам бор. Маданий, цивилизациялашган жамиятда бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди, улар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказади».

Президентнинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. Айниқса, бу сўзлардан ранжиган аёлларни тўхтатиб бўлмасди. Қозоғистонликлар президентни қайси аёллар ранжитгани ҳақида баҳслашишни бошлади.

Баъзилар Тўқаевни «мизогиния»да [аёлларга нисбатан нафрат], шунингдек, ўтган йили оилавий зўравонлик учун жазони кучайтирган «Салтанат қонуни» ва Жиноят кодексига қайтган келин ўғирлаш моддасини, сталкинг [аёлларни ноқонуний таъқиб қилиш] учун жазони бир зумда унутиб қўйганликда айблади.

Бошқалар кўпчилик ҳолатларда айнан эркаклар зўравонлик қилаётганини, аммо якунда барибир «урушвоз аёллар» айбланишини, балки аёллар ўз ҳуқуқларини бошқачасига ҳимоя қилишга ожиз бўлгани учун «урушвоз бўлишга мажбур» бўлаётганини таъкидлади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дониёр Ашимбаев ўзининг Телеграм-каналида Тўқаев «нафақат маиший амалиётни, балки мамлакат ахборот маконидаги вазиятни ҳам, айтайлик, ўнлаб аёллар турли хил провокациялар ва жанжаллар билан фаол шуғулланаётганини назарда тутганини» тахмин қилди.

Ашимбаев президентнинг халққа мурожаатидан олдин юз берган можарога ишора қилди. Унинг «ташаббускори» Orda.kz сайти бош муҳаррири Гулнора Бажкенова бўлган ва нашр бир неча кун давомида ТИВ раҳбари, бош вазир ўринбосари ва Тўқаевнинг яқин сафдоши Мурат Нуртлеу ҳибсга олинганини таъкидлаган, бироқ расмийлар бу хабарни бир неча бор рад этган эди.

Президент мурожаати арафасида Бажкенова ўз Телеграм-каналида «ютқазгани», Нуртлеу озодликда экани ва «мавзу ёпилгани» ҳақида ёзди.

Президентнинг аёллар ҳақидаги сўзлари ҳақиқатан ҳам Orda.kz можаросига тегишлими, ҳеч ким билмайди. Тўқаевнинг матбуот хизмати бу сўзларга аниқ тушунтириш бермади. Лекин баҳс ва муҳокамалар қозоғистонликларнинг кун тартибидан ҳали тушмади.

Янгиланди: Қозоғистон президенти матбуот хизмати Тўқаевнинг «урушвоз аёллар» ҳақидаги сўзларига изоҳ берди. Таъкидланишича, президент мурожаатни ўқиб эшиттирар экан, фуқароларни ҳар қандай қонунбузарликларга нисбатан муросасиз бўлишга чақирган.

«Шу билан бирга, давлат раҳбари «улар (жамоат тартибини бузаётганлар) орасида афсуски, аёллар ҳам борлигини» таъкидлади. Баъзилар буни таъна сифатида қабул қилди, аммо маъноси бутунлай бошқача. Ахир, азалдан гўзаллик, нозиклик ва уйғунлик тимсоли бўлган аёллар ҳам жанжалларга аралаша бошлаган бўлса, демак, хулқ-атвор маданиятининг инқирози ҳақиқатан ҳам жиддий тус олган», деб тушунтирди Оқўрда.

Таъкидлашича, бу таъна эмас, балки жинси, ёши ва келиб чиқишидан қатъи назар, барчага «жамиятимизга ҳурматли мулоқот маданиятини қайтариш, қўполлик ва тажовузкорликдан воз кечишга» чақириқдир.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид