Ўзбекистон | 23:17 / 16.09.2025
7878
4 дақиқада ўқилади

Педагогларга янги имтиёзлар ва Устюртдаги жуда катта газ захираси – маҳаллий дайжест

Президент педагогларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди. Экология вазирлиги 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатди. Қашқадарёда солиқдан қарздор фуқароларнинг машиналари жарима майдонига қўйилди. Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида жуда катта газ захираси топилди. Бухорода ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент педагогларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди

Шавкат Мирзиёев таълим соҳаси ходимлари билан мулоқот қилди ва уларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни эълон қилди. Улар орасида ипотека кредити имтиёзи, олийгоҳларга ўқишга кирган фарзанди контракт суммасига чегирма, компютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит, давлат хизматлари тўловининг 2 карра камайтирилиши ва бошқа имтиёзлар бор.

Шунингдек, айрим мактаб ва боғча, техникум ва олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поезд чипта нархига 15-20 фоиз чегирма берилади.

Экология вазирлиги 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатди

Жорий йил 8 ойи давомида Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосини яхшилаш мақсадида вазирлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида 12 та ҳудудий ишчи гуруҳ ташкил этилди. Саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқхона хўжаликларидан атмосферага ташламаларни камайтириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳларга вазирлик ва идоралардан жами 150 нафардан ортиқ мутахассис жалб қилинди.

2025 йил январ-август ойларида 281 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. 154 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида судга ариза киритилди, 179 та қонунбузилиш ҳолати бартараф этилди.

Қашқадарёда солиқдан қарздор фуқароларнинг машиналари жарима майдонига қўйилди

Вилоят солиқ бошқармасининг қайд қилишича, 9 минг фуқаронинг 46 млрд сўмлик солиқ қарзини ундириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, бир ҳафтада 131 нафар фуқаронинг 2,1 млрд сўмлик солиқ қарзи учун транспорт воситалари жарима майдончаларига жойлаштирилган.

Натижада 102 нафар фуқародан 1,1 млрд сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилиши таъминланган.

Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида жуда катта газ захираси топилди

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Таъкидланишича, илгари нефт-газ соҳасидаги қидирув ишлари фақат 2,5–3 минг метр чуқурликда олиб бориларди. Бу йил саноатимиз тарихида биринчи марта Устюртда 6,5 минг метр ер қаърини бурғилаб, жуда катта газ захираси топилган.

Президент сўзларига кўра, «тўртинчи саноат инқилоби»ни амалга ошириш учун дунёда теллур, литий, селен, графит, молибден каби технологик минералларга талаб бир неча карра кўпайган. «Таҳлилларга кўра, дунёдаги волфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10−15 фоизи минтақамизга тўғри келади», деб қўшимча қилди у.

Бухорода ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди

Бухоро вилояти Пешку туманида ҳоким ёрдамчиси тезкор тадбирда пора билан қўлга олинди. У ҳокимият захирасидаги ер майдонини онлайн аукцион савдолари орқали сотиб олиб бериш эвазига фуқародан 6 минг доллар талаб қилган. Келишилган пулни олганда эса тезкор тадбирда ушланган.

Ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид