Бухоро вилояти Пешку туманида ҳоким ёрдамчиси тезкор тадбирда пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳоким ёрдамчиси ҳокимият захирасидаги 7 сотих ер майдонини “К-савдо” автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштириб, сўнгра онлайн аукцион савдолари орқали сотиб олиб бериш эвазига тадбиркордан 6 минг доллар талаб қилган.

Тадбиркорнинг аризаси асосида Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда ҳоким ёрдамчиси тамагирлик йўли билан 6 минг доллар миқдоридаги порани учинчи шахс орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Сурхондарё вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори тезкор тадбирда ушланганди.