Ўзбекистон | 21:27 / 24.09.2025
11286
4 дақиқада ўқилади

Тўйларни тартибга солиш бўйича навбатдаги уриниш ва абитуриентлар учун яна бир имконият – маҳаллий дайжест

Вазирлар Маҳкамасининг «Оқилона истеъмол» дастурида тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва бошқа шу каби тадбирлар «белгиланган тартиб» асосида қатъий назоратга олиниши белгиланди. Тартиб 2021 йилда ўрнатилган.

2025-2026 ўқув йили учун бакалавриатга кириш имтиҳонларида 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ ўқишга киролмаган абитуриентлар вакант ўринлар қолган бакалавриат таълим йўналишларига танловда иштирок этиши мумкин.

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тўй маросимлари ва оилавий тадбирларни ўтказиш қатъий назоратга олинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги қарори билан «Оқилона истеъмол» дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда дастур доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва бошқа шу каби тадбирлар белгиланган тартиб асосида қатъий назоратга олиниши белгиланган.

Дастурга кўра, тўйлар, оилавий тантана ва маросимлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгаши қўшма қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказилиши шарт. Ушбу низомда оилавий тадбирларда 200 нафаргача, шу муносабат билан бериладиган ош маросимида эса 250 нафаргача иштирокчи қатнашиши мумкинлиги кўрсатилган. Қўшалоқ тўй ва ҳашарларда 250 нафаргача, унга боғлиқ ош маросимида эса 300 нафаргача меҳмон бўлиши мумкин.

1 ноябрдан аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ташкил этилади

Президентнинг «Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Рўйхатга олишнинг асосий мақсадлари - мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш учун 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида Европа статистиклари конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида ягона маълумотлар базасини шакллантириш.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мудофаа вазирлиги, ФВВ, Миллий гвардия, ИИВ, ДХХ, ТИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитага 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олишни ташкил этиш (рўйхат бўйича) юзасидан топшириқ берилди.

Бакалаврда вакант ўринларга рўйхатдан ўтиш 25 сентябрдан бошланади

2025-2026 ўқув йили учун бакалавриатга кириш имтиҳонларида 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар вакант ўринлар қолган бакалавриат таълим йўналишларига танловда иштирок этиши мумкин.

Рўйхатдан ўтиш муддати: 2025 йил 25 сентябрдан 3 октябргача. Танловда иштирок этиш тартиби: абитуриентлар my.uzbmb.uz шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтади.

Тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос йўналишлардан 5 тагача олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини (таълим шакли билан бирга) танлаш имконияти мавжуд.

ДХХ 66 кг наркотик модда тарқалишининг олдини олди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатилди.

Жумладан, Фарғона вилояти, Бешариқ туманида яшовчи фуқаронинг автомашинасига ўрнатилган газбаллондан қарийб 60 кг гиёҳванд модда топилди. Самарқанд вилояти, Ургут туманида яшовчи фуқаро машинасида қарийб 1 кг героин моддаси борлиги аниқланди. Улар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келингани маълум бўлди.

Ҳозир мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Тошкент вилоятида ноёб лочинларни ноқонуний сақлаган шахс табиатга 620 млн сўм зарар етказди

Чиноз туманида фуқаро Қизил китобга киритилган лочинларни ноқонуний равишда сақлаган. У ҳайвонот дунёсига 620 млн сўм зарар етказган. Сапсан ва Жиғолтой лочинлари вақтинча сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.

Иш юзасидан йиғилган барча ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид