Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сиам эгизакларининг ажратилиши ва Бойсундаги кўмир устида талатўп – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Ҳар бир маҳаллада фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чоралари тарғиб этилади
Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Таъкидланишича, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари асосан давлат идораларида амалга ошириляпти. Лекин бундай ҳолатларнинг 70 фоиздан ортиғи аҳоли хонадонларида носоз, муддати ўтган газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш, хавфсизлик маданиятига риоя қилмаслик оқибатида юзага келяпти. Шунинг учун тизим ишини маҳаллаларда ташкил этиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфсизлик маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар билан ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва хонадонни қамраб олиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, соҳада рақамли инфратузилма яратиш, фавқулодда вазият ҳақида хабар беришдан бошлаб, уни тўлиқ бартараф этишгача бўлган ҳамма жараёнларни рақамлаштириш, шунингдек, янги ишлаш механизмларини жорий этиш бўйича топшириқ берилди.
Чирчиқда сиам эгизаклари шошилинч равишда ноёб операция орқали ажратилди
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ноёб операция ўтказилди.
Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида «кесарча кесиш» йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинди.
Беш соат давом этган юқори технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар томонидан муваффақиятли бажарилди. Саломатлиги яхшиланган она ва болаларга шифохонадан уйига жавоб берилди.
Бойсундаги кўмир тарқатиш пунктида талатўп юзага келди
Тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида кўмир учун юзага келган навбат ва бунинг оқибатида юз берган талатўп акс этган видео тарқалди.
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида табиий газ етиб бормаган олис ҳудудларда яшовчи аҳолига кўмир етказиб беришда муаммолар борлиги айтилмоқда. Kun.uz'га бу борада мурожаат келиб тушди.
Унда таъкидланишича, видеодаги талатўп «кўмир вақтида етказиб берилмагани» ортидан вужудга келган. Таъкидланишича, кўмир Ангрен шаҳридан келтирилади, бироқ у вақтида келмагани учун навбатлар пайдо бўлган.
«Бу нархлар қаердан олинган?» — дорихоначилар янги мажбурий тўловдан шикоят қилди
Ўзбекистонда дорихоналарга лицензиядан ташқари GPP сертификатини ҳам олиш талаби қўйилди. Уни олиш – пулли. Олинганидан кейин ҳар йили яна тўлов эвазига янгилаб туриш ҳам керак. Акс ҳолда, дорихона лицензиясидан айрилади. Тўлов миқдори айниқса вилоятлардаги дорихоналар учун оғирлик қиляпти. Тадбиркорлар сертификат нархи ва муддатини қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.
Сертификат олиш учун дорихоначилар салкам 8,5 млн сўмгача мажбурий тўлов қилиши керак. Бунинг устига 3 йил муддатга бериладиган сертификат ҳар 9 ойда қайта инспекциядан ўтказилади, бунга эса 3 млн сўмдан кўпроқ пул тўланади.
Бухорода олтинни ноқонуний қазиган 37 киши қўлга олинди
Шофиркон туманидаги Қулжуқтов массивида ноқонуний равишда олтин қазиб олаётган 37 нафар шахс ушланди.
Тадбир давомида Ford русумли 3 та машина, 8 та перфоратор, 6 та компрессор ва таркибида олтин моддаси мавжуд бўлган 400 қопга яқин руда ҳамда бошқа қўлбола ясама асбоб-ускуналар ашёвий далиллар сифатида олинган. Ноқонуний фаолият орқали давлат ва жамият манфаатларига жами 20 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланган.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025