Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мопед/скутер ҳайдаш учун гувоҳнома ва 6 млн сўмдан ошган ўртача ойлик — маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Мопед ва скутер ҳайдаш учун гувоҳнома олиш осонлашади
Ҳукумат қарорига биноан, 2026 йил 1 январдан бошлаб мопед ва скутер каби транспорт воситаларини бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасининг “А1” кичик тоифаси жорий этилади. Уни олиш учун автомактабда ўқиш талаб қилинмайди. “А”, “B”, “C”, “D” тоифадаги гувоҳнома эгалари мопед ва скутерларни ҳам бошқариш ҳуқуқини олади.
“А1” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш учун ўқишни тугатгани ҳақида гувоҳнома талаб этилмайди. Назарий имтиҳонда 20 та тестдан камида 16 тасига тўғри жавоб берган “А1” тоифага номзодлар назарий имтиҳонни топширган деб ҳисобланади ва амалий имтиҳонга қўйилади.
Ўзбекистонда ўртача ойлик 6 млн сўмдан ошди
Сентябр ойи якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 6 млн 167 минг сўмни ташкил этди. Энг катта ойлик Тошкент шаҳри (10,4 млн сўм) ва Навоийда (7,6 млн сўм), энг ками эса Қашқадарё (4,2 млн сўм) ва Сурхондарёда (4,3 млн сўм). Соҳалар бўйича энг баланд иш ҳақи суғурта соҳасида (20,9 млн сўм), энг ками эса мактабгача таълимда (2,7 млн сўм).
Ойлик маошларнинг энг юқори ўсиши Самарқанд (+24,8 фоиз), Наманган (+20,9 фоиз) ва Сирдарё (+20,7 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти) номинал иш ҳақи республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.
Радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилади
2026 йил 1 апрелдан бошлаб, фото ва видеорадарлар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима балларини ҳисоблаш бошланади. Ҳозир фақат ЙҲХ ходимлари қўл режимида тузган баённомалар бўйича балл ҳисобланмоқда.
Йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби 2025 йил 1 июндан бошланди. Шундан буён фақат ЙҲХ ходими томонидан қўл режимида қайд этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима баллари ҳисобланмоқда.
Бу тизимда қоидабузарликларнинг йигирмага яқин тури учун 0,2 баллдан 2 баллгача жарима баллари белгиланган. Хусусан, тезликни рухсат этилганидан соатига 20 километргача ошириб юборганлик учун 0,5 балл ҳисобланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади.
Янги Тошкентда кўп функцияли ерости мажмуалари барпо этилади
Янги Тошкент шаҳрининг замонавий концепциясига кўра, шаҳарнинг марказий қисмларида кўп функцияли ерости мажмуалари барпо этилади. Уларда транспорт ва сервис хизматлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар халқаро стандартлар асосида жорий қилинади.
Концепцияга мувофиқ, шаҳарнинг марказий ҳудудларида кўп функцияли ерости мажмуалари барпо этилиб, аҳоли ва меҳмонлар учун транспорт, сервис ва ижтимоий хизматлар бир нуқтада жамланади.
Ерости мажмуалари шаҳар юкламасини еростига қисман тақсимлаш, пиёдалар ҳаракатини хавфсиз ва қулай қилиш, сервис хизматларига тезкор етишувни таъминлашга хизмат қилади.
Тошкентда 144 туп арча кесиб ташланди
25 октябр куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Нукус кўчаси ва Бобур кўчаси кесишмасидан бошлаб, Бобур кўчаси бўйлаб автомобил йўлида ўнлаб дарахт кесиб ташлангани акс этган видео тарқалди.
Ўрганишлар натижасида жами 144 туп можжевелник дарахти мораторий талабларига зид равишда кесиб ташлангани маълум бўлди.
Бу президент фармонига асосан жорий этилган мораторий талабларига зид ҳисобланади. Айни вақтда дарахтлар кесилган ҳудудда манзарали дарахтлар экиш ишлари бошлаб юборилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган зарар 620 млн 472 минг сўмни ташкил этмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича айбдорларга тегишли жазо кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига юбориш чоралари кўрилмоқда.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025