Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда 144 туп арча кесиб ташланди
Ўзбекистонда мораторий талабларига зид тарзда дарахтларни ёппасига кесиш ишлари давом эттирилмоқда.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
25 октябр куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Нукус кўчаси ва Бобур кўчаси кесишмасидан бошлаб, Бобур кўчаси бўйлаб автомобил йўлида ўнлаб дарахтлар кесиб ташлангани акс этган видео тарқалди.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ўрганишлар натижасида жами 144 туп можжевелник навли дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланганини маълум қилди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ушбу дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ўсиб турган дарахтлар ўрнига бошқа дарахтлар экиш тўғрисидаги топшириғига асосан ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланган.
Бу президент фармонига асосан жорий этилган мораторий талабларига зид ҳисобланади. Айни вақтда дарахтлар кесилган ҳудудда манзарали дарахтлар экиш ишлари бошлаб юборилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган зарар 620 млн 472 минг сўмни ташкил этмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича айбдорларга тегишли жазо кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига юбориш чоралари кўрилмоқда.
«Айни вақтда прокуратура органларининг бу масалада холис ва қонуний кўмаги керак. Чунки Яккасарой тумани экология ходимлари босим остида ушбу ҳолат бўйича тезкор чора кўриш учун ўрганиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга йўл қўйилмаган. Шу боис, ҳолат Экология вазирлиги назоратида ўрганилмоқда», деб ёзди Расул Кушербаев.
Унинг қайд этишича, ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, гўёки Яккасаройда қуриб қолган дарахтлар кесилган деб, босим қилиб, Telegram каналлардан ўчиртириш бошланган.
27 октябр куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бобур кўчасида арчалар кесилиши ҳақидаги танқид ва саволлар юзасидан расмий баёнот берди. Маъмурият маълумотида айтилишича, ҳудудда олиб борилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида 83 туп пирамидасимон гужум (эликс) ҳамда 62 мингдан ортиқ манзарали бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Шу жараёнда «аввал ўсиб турган ўсимликлар билан боғлиқ ишларни бажаришда эътиборсизликка йўл қўйилган».
Ҳокимликнинг қайд этишича, ушбу майдонда илгаридан тахминан 145 туп арча бўлиб, мутахассислар хулосасига кўра уларнинг катта қисми касалликка чалинган ва аста-секин қуриб бораётган эди. Дастлаб арчаларни эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтказиш режалаштирилган, аммо масъул шахслар белгиланган талабларга тўлиқ риоя этмаган.
Ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланган ва натижаларига кўра тегишли чоралар кўрилади.
Ҳокимлик барча ишлар қулай, хавфсиз ва экологик барқарор шаҳар муҳитини яратишга қаратилганини таъкидлаб, масалага бефарқ бўлмагани учун шаҳар аҳолисига миннатдорлик билдирди.
Мавзуга оид
14:47
Светофорлар “ақлли” тизимга уланади: транспорт оқимига қараб автоматик мослашади
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025