Ўзбекистон | 11:58 / 27.10.2025
2893
2 дақиқада ўқилади

Янги Тошкентда кўп функцияли ерости мажмуалари барпо этилади

Янги Тошкент шаҳрининг замонавий концепциясига кўра, шаҳарнинг марказий қисмларида кўп функцияли ерости мажмуалари барпо этилади. Уларда транспорт ва сервис хизматлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар халқаро стандартлар асосида жорий этилади.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Янги Тошкент лойиҳасида ерусти иншоотлари билан бир қаторда ерости инфратузилмасини ривожлантириш ҳам устувор йўналиш сифатида белгиланган. Концепцияга мувофиқ, шаҳарнинг марказий ҳудудларида кўп функцияли ерости мажмуалари барпо этилиб, аҳоли ва меҳмонлар учун транспорт, сервис ва ижтимоий хизматлар бир нуқтада жамланади.

Лойиҳа доирасида ерости мажмуаларида қуйидаги имконият ва сервислар кўзда тутилган:

  • автомобиллар учун автомойка ва қувватлаш станциялари;
  • велосипед тураргоҳлари ҳамда микромобилитет инфратузилмаси;
  • ота-оналар учун бола парвариши хоналари;
  • ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида тўхташ жойлари ва хизмат кўрсатиш нуқталари — барчаси халқаро стандартларга мувофиқ.

Ташкил этиладиган ерости мажмуалари шаҳар юкламасини еростига қисман тақсимлаш, пиёдалар ҳаракатини хавфсиз ва қулай қилиш, сервис хизматларига тезкор етишувни таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Янги Тошкент меъморий ечимлар билан бирга инклюзив ва қулай шаҳарсозлик ёндашуви билан ҳам ажралиб туриши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид