Ўзбекистон | 23:26 / 28.10.2025
4261
4 дақиқада ўқилади

Ўзгаришсиз қолаётган асосий солиқлар ва Тошкентда иссиқ сув тарифининг оширилиши – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади

Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди.

Президент юқори ўсиш суръатларини йил якунигача сақлаб қолиб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 135 миллиард доллардан ошириш иқтисодий комплекснинг асосий вазифаси бўлишини қайд этди.

2026 йилги бюджет лойиҳасида асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолаётган шароитда бюджет даромадларини изчиллик билан ошириб бориш, шу билан бирга, харажатлар қисмининг самарали сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш шартлиги қайд этилди.

Президент таъкидлаганидек, келгуси йилда харажатларни кескин қисқартириш ва самарадорликни ошириш барча даражадаги раҳбарлар учун асосий мезон бўлади.

Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари оширилди

Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан Veolia Energy Таshkent томонидан кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, иссиқлик таъминоти хизматлари учун тарифлар аҳолига 15 фоизга оширилди.

12 ноябрдан бошлаб иссиқлик ва иссиқ сув хизматлари учун янги тарифлар жорий этилади:

- Марказий иситиш — 1 м² иситиш майдони/кун учун 241,44 сўм;

- Иссиқ сув (ҳисоблагичсиз) — 1 одам/ой учун 52 303,39 сўм;

- Иссиқ сув (умумий душ билан жиҳозланган ётоқхоналарда) — 1 одам/ой учун 38 908,16 сўм;

- Иссиқ сув (ҳисоблагич бўлганда) — 1 м³ учун 8 928,67 сўм.

Тошкентда наққошлик санъати маркази очилди

Тошкентда «Нақш» ҳунармандчилик мактаби очилди. Лойиҳа Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Британиянинг энг қадимий анъанавий санъат мактаби – King жамғармаси (KFSTA) билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мактаб фаолияти билан танишди.

«Нақш» мактабининг биринчи ўқув йили беш курсдан ташкил топади. Дастлабки машғулотлар Тошкентда, 2-босқич Самарқандда – Улуғбек мадрасасида ўтказилиб, талабалар ХV аср ёдгорликлари мисолида ислом санъатига оид нақшларни ўрганади.

Экологик рейдлар: чиқинди ташлаш бўйича минглаб ҳолатлар аниқланди

Президент топшириғига мувофиқ республика бўйлаб давом этаётган тозалик ва озодалик ойлиги доирасида атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари юзасидан кучайтирилган назорат ўрнатилди. 15–25 октябр кунлари белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш бўйича 3 792 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Ойлик доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди. Гуруҳ томонидан атроф-муҳитни ифлослантириш билан боғлиқ қонунбузарликлар ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мирзаобод тумани собиқ ҳокими жиноий жазога тортилди

Суднинг ҳукмига кўра, туманга 2020-2023 йилларда ҳокимлик қилган Жонибек Яриев мансаб ваколатини суиистеъмол қилган. У Сардоба сув омборида юзага келган тошқиндан сўнг яшаш жойидан айрилган оилалар учун қурилган уйларни бир нечта ҳолатда белгиланган талабларга зид равишда бериб юборган. Бу орқали давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Жонибек Яриев ЖИБ Ховос туман суди ҳукми билан айбли деб топилган. Унга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 2 йилга маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Шунингдек, собиқ ҳокимга БҲМ 105 баравари миқдорида жарима жазоси ҳам қўлланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид