Ўзбекистон | 22:26 / 04.11.2025
2985
4 дақиқада ўқилади

Дорилар нархининг эҳтимолий тушиши ва Бойсун конида ёқиб юборилган газ – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

1 январдан 2,6 минг турдаги рецептли дориларнинг нархи тушиши кутилмоқда

Президентга фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери саноат ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, сифат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди.

Тақдимот давомида импорт қилинаётган дориларнинг референт нархларини шакллантиришда турли манипуляцияларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ва таклифлар бўйича ахборот берилди. Ҳозир 7,6 мингта импорт дори воситасидан 4,9 мингтаси референт мамлакатларнинг нарх реестрида мавжуд эмас.

Таклиф этилаётган чора-тадбирларга кўра, 2026 йил 1 январдан 2,6 минг турдаги рецептли дориларнинг нархи ўртача 40-50 фоизга тушиши кутилмоқда.

Бойсундаги кондан яна газ сизиб чиқди

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидан газ сизиб чиқаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Энергетика вазирлиги берган изоҳга кўра, 2 ноябр куни «М-25» конининг 202-сон газ қудуғида аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниш ҳолати кузатилган. Мутахассислар таъкидлашича, бу ҳолат кондаги геологик жараён натижасида юз берган. Шундан сўнг ҳавога зарарли моддалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ тезкор равишда яна ёқиб юборилган.

Қайд этилишича, ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради.

Никоҳдан ажралишларнинг асосий сабаби феъли тўғри келмаслиги экани маълум бўлди

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд қилинишича, 2024 йилда никоҳдан ажратишга доир 32217 та ариза қаноатлантирилган, шундан 17535 та ҳолатда (54 фоиз) характер (феъли) тўғри келмаслиги, 1807 та ҳолатда (6 фоиз) бошқа никоҳ муносабатига киришганлиги, 1222 та ҳолатда (4 фоиз) оилага тайёр эмаслиги, 1033 та ҳолатда (3 фоиз) ўзаро ишончсизлик сабаб қилиб кўрсатилган.

Бундан ташқари, 2024 йилда ФҲДЁ органларида 7499 та оила ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли ажратилган.

Чиқинди тўловини уйма-уй ундириш амалиёти тўхтатилади

2026 йил 1 январдан чиқиндилар учун тўловларни уйма-уй юриб ундириш амалиёти тўхтатилади. Тўловлар ва абонентлар ҳисоби Toza makon биллинг тизими ва электрон тўлов платформалари орқали юритилади, айрим олис пунктларда эса банк кассалари ва “Ўзбекистон почтаси” бўлимлари истисно тариқасида хизмат кўрсатади.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, янги тартиб тўловларни рақамлаштириш, шаффофликни ошириш ва қарздорликни қисқартиришга қаратилган.

ФВВ иситиш мавсуми учун хавфсизлик эслатмаларини эълон қилди

Об-ҳаво совиши муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) аҳолини ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши ва ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирди.

Бунда, иситиш печи ва дудбуронлар соз бўлиши, беркитилмаслиги, ёриқ-сизиб чиқишларсиз ҳолатда текширилиши керак.

Газ ускуналарини улаш фақат меъёрга мувофиқ амалга оширилади, резина шланг орқали улаш тақиқланади.

Қўлбола/носоз электр ва газ иситиш жиҳозларидан фойдаланманг — ҳаёт учун хавфли. Дудбурон ва ҳаво чиқариш каналларини махсус ташкилотларга ўз вақтида тозалатинг.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид