Ўзбекистон | 15:02 / 04.11.2025
4273
1 дақиқада ўқилади

Чиқинди тўловларини уйма-уй ундириш амалиёти тўхтатилади

2026 йил 1 январдан чиқиндилар учун тўловларни уйма-уй юриб ундириш амалиёти тўхтатилади. Тўловлар ва абонентлар ҳисоби Toza makon биллинг тизими ва электрон тўлов платформалари орқали юритилади, айрим олис пунктларда эса банк кассалари ва “Ўзбекистон почтаси” бўлимлари истисно тариқасида хизмат кўрсатади.

Фото: Чиқиндиларни бошқариш агентлиги

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, янги тартиб тўловларни рақамлаштириш, шаффофликни ошириш ва қарздорликни қисқартиришга қаратилган. Эндиликда тўловлар:

  • Toza makon биллинг тизими орқали;
  • электрон тўлов тизимлари орқали;
  • интернети йўқ, олис ҳудудлар учун — тижорат банклари кассалари ва “Ўзбекистон почтаси” АЖ бўлимлари орқали (истисно тартибида) амалга оширилади.

Маълумот учун, 2025 йил 7 мартдаги 1044-сон қонунга мувофиқ, чиқиндилар хизмати бўйича мажбурий тўлов қарздорлиги бор истеъмолчилар SMS орқали огоҳлантирилгандан кейин қарз бартараф этилмагунча, электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинча чекланади.

Агентлик фуқаролардан шахсий ҳисоб-маълумотларини Toza makon орқали текшириб туриш ва расмий каналлардаги эълонларни кузатишни сўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид