Ўзбекистон | 22:59 / 07.11.2025
4844
4 дақиқада ўқилади

Мигрантлар учун имтиёзли суғурта ва автобусларнинг йўналиш рақами кўринмаслиги – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Мигрантлар учун имтиёзли суғурта тарифлари ишлаб чиқилади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги таклифи билан мигрантлар ҳаёти ва соғлиғини ихтиёрий суғурта қилиш тизими йўлга қўйилади.

Суғурта ташкилотларига қуйидагиларни жорий этиш тавсия этилди:

- хорижда меҳнат фаолияти даврида ҳаёт ва соғлиқ суғуртаси;

- патент/рухсатнома рад этилиши хавфини суғурталаш;

- хорижда ишга жойлашиш учун кредитлар қайтмаслиги хавфини суғурталаш;

- Ўзбекистон ҳудудида ихтиёрий тиббий суғурта полиси бериш ёки мигрант бўлган мамлакатда ассистанс хизматлари орқали тиббий ёрдамни ташкил этиш.

Шунингдек, меҳнат мигрантларининг ҳаёти, соғлиғи ва таваккалчиликларини суғурталаш тартиби бўйича низом қабул қилинади.

Тошкентликлар автобусларнинг йўналиш рақами кўринмаслигидан шикоят қилди

Ижтимоий тармоқларда айрим автобусларда йўналиш рақамлари кўринмаслиги юзасидан танқидлар янгради. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳолатни ўрганиб, автобусларни техник кўрикдан ўтказди.

Текширув жараёнида баъзи транспорт воситаларининг трафарет ойнасидаги қорайиш ёки ёпиштирилган белгиларга оид камчиликлар аниқланиб, улар бартараф этилди. Компания ҳайдовчилар ва техник ходимларга йўналиш рақамлари ва белгиларини доимо тоза, равшан ва йўловчиларга аниқ кўринишини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Фарғона вилоятида 1,4 млрд сўм субсидия маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (КҚҚА) Фарғона вилоятида субсидияларнинг мақсадли сарфланишини ўрганиб, 2023–2024 йилларда тадбиркорлик субъектларига берилган 9,3 млрд сўм субсидиядан камида 1,4 млрд сўми ўзлаштирилганини аниқлади.

Жумладан, касаначиларга субсидия ажратишда кўплаб коррупция ҳолатлари юз берган. Шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 47 нафар фуқарога такроран субсидия ажратилган.

Тўпланган материаллар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкентда иссиқ сувдаги занг ҳолатлари текширилади

Veolia Energy агар иссиқ сув сифати ташқи тармоқлардаги носозликлар билан боғлиқ экани тасдиқланса, белгиланган тартибда тўловларни қайта ҳисоблаш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида хабар берди.

Қайд қилинишича, фуқароларнинг шу мазмундаги барча мурожаатлари рўйхатга олинади ва бошқарув компаниялари, МЖТК ва бевосита бошқарув вакиллари билан биргаликда уйлар техник кўрикдан ўтказилади.

Таъкидланишича, агар иссиқ сув сифати ташқи тармоқлардаги носозликлар билан боғлиқ экани тасдиқланса, белгиланган тартибда тўловларни қайта ҳисоблаш масаласи кўриб чиқилади.

Почта ва курерлик жўнатмалари учун янги божхона тартиби тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан «Халқаро почта ва курерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Ҳужжат халқаро почта ва экспресс жўнатмалардаги товарларни божхонада шаффоф ва стандартлашган тартибда расмийлаштиришни кўзда тутади.

Почта ва курерлик жўнатмалари орқали юбориладиган ёки олиб кириладиган товарлар божхона назоратидан ўтказилади. Почта алоқаси оператори ва экспресс ташувчи жўнатмаларни божхона органларига кўздан кечириш/кўрик учун тақдим этади.

Жўнатмалар божхона назоратида ташиш шартларига риоя этган ҳолда манзил божхона постигача етказилади. Ташиш, юклаш/қайта юклаш, тушириш, сақлаш ва шу каби юк операциялари билан боғлиқ харажатлар оператор ёки экспресс ташувчи ҳисобидан қопланади. 

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид