Ўзбекистон | 10:01 / 07.11.2025
2245
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон—Британия: саноатга интеграциялашган таълим лойиҳалари режалаштирилмоқда

Лондонда London South Bank University (LSBU) халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Стюарт Баннерман билан учрашувда таълим, фан ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳалар, хусусан саноатга интеграциялашган таълим моделларини жорий этиш бўйича шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Дунё

Томонлар қўшма таълим дастурлари ва академик алмашинувни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш (CPD) курслари, талабаларнинг саноат корхоналарида амалиёти ва стажировкаларини кенгайтириш, шунингдек илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар алмашди. Суҳбатда тиббиёт ва экология йўналишларида Ўзбекистон ОТМ билан қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тайёрланаётгани қайд этилди.

Асосий йўналишлар:

  • муҳандислик, қурилиш ва архитектура: ишлаб чиқариш билан интеграцияланган лабораториялар, барқарор инфратузилма ва шаҳарсозлик бўйича қўшма курслар;
  • АТ ва рақамли ечимлар: маълумотлар таҳлили, киберхавфсизлик, рақамли таълим муҳити;
  • бизнес ва ҳуқуқ: тадбиркорлик, лойиҳа менежменти, комплаенс ва интеллектуал мулк;
  • соғлиқни сақлаш ва экология: жамоат саломатлиги, биоэтика, атроф-муҳит мониторинги бўйича интердисциплинар дастурлар;
  • креатив индустриялар ва ижтимоий фанлар: ижтимоий инновациялар, дизайн ва амалий санъат.

Маълумот учун (LSBU ҳақида): 1892 йилда ташкил этилган LSBU'да ҳозир 18 мингга яқин талаба таҳсил олади, 1,7 мингга яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритади. Университет санъат, саноат, қурилиш, архитектура, бизнес бошқаруви, муҳандислик, ҳуқуқ, амалий ва ижтимоий фанлар ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишларида кадрлар тайёрлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид