Ўзбекистон президенти 10 ноябр куни “Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон имзолади.

Фармон билан билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш бўйича миллий дастурнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланди:

  • 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш;
  • нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича амалдаги имтиёзларни сақлаб қолиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш;
  • барча умумтаълим мактабларини босқичма-босқич халқаро баҳолаш дастурлари билан қамраб олиш;
  • техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этиш ва ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш;
  • камида 10 та олий таълим ташкилотини нуфузли халқаро рейтингларининг топ-1000 талик рўйхатига киритиш;
  • 10 миллион нафар ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига жалб қилиш;
  • ўзбек тилининг рақамли муҳитда илм-фан ва технологиялар тили сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаш.

Фармон иловасида келтирилишича, 6 ёшли болаларнинг бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов билан қамровини 100 фоизга етказиш мақсадига 2027 йилда эришиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, “Таълим тўғрисида”ги қонунга асосан, 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлаш мажбурий деб белгиланган. Тайёрлов мактабгача таълим тизими доирасида (боғчаларда) амалга оширилади.

Камида 10 та олийгоҳни нуфузли халқаро рейтингларда топ-1000 таликка киритиш эса 2030 йилга мақсад қилинган.