Жаҳон | 07:36 / 07.11.2025
14568
2 дақиқада ўқилади

Учта асосий кўрсаткич бўйича энг катта ҳарбий харажатга эга давлатлар

2024 йилда энг йирик ҳарбий харажатлар бўйича етакчи давлатлар — АҚШ, Хитой ва Россия бўлди. Уларнинг ҳиссасига жами жаҳон сарф-харажатларининг ярмидан кўпроғи тўғри келди.

Фото: REUTERS

Жаҳон миқёсида ҳарбий харажатлар рекорд даражадаги 2,7 трлн долларга етди, бир йил ичида 9,4 фоизга ошди. Геосиёсий таранглик ошган шароитда дунёдаги беш минтақанинг барчаси иккинчи йил кетма-кет ўз ҳарбий бюджетларини кўпайтирди.

Юқорида келтирилган янги инфографика Иқтисодиёт ва тинчлик институти маълумотлари асосида учта асосий кўрсаткич бўйича энг юқори милитаризация даражасига эга мамлакатларни кўрсатади.

Энг йирик ҳарбий харажатларга эга давлатлар рўйхатида АҚШ пешқадам. 949 млрд долларлик бюджетга эга АҚШнинг дунё бўйлаб 4 790 та ҳарбий объектида 1,5 миллион ҳарбий ходими бор. Кейинги ўринда 450 млрд доллар сарфлаётган Хитой боряпти. Учинчи ўринга Россия жойлашди — ҳисоб-китобларга кўра, у харажатларни 38 фоизга оширган.

Аҳоли жон бошига ҳарбий харажатлар бўйича эса КХДР катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллайди. Саудия Арабистони билан чегарадош, Форс кўрфазига қарашли кичик давлат Қатар қуруқлик, флот ва ҳарбий-ҳаво кучларини кенг кўламда модернизация қилаётгани туфайли иккинчи ўринда. Қизиғи шундаки, бетараф давлат сифатида қараладиган Сингапур ушбу кўрсаткич бўйича учинчи ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, Сингапур ўнлаб йиллар давомида мудофаага ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 3 фоизини барқарор равишда йўналтириб келяпти — бу кўплаб Европа давлатлари харажатларидан юқори.

КХДР ялпи ички маҳсулотдаги мудофаа улуши бўйича ҳам дунёда етакчи — у ўтган йили 34 фоизга етди. Иккинчи ўринда Украинa — ЯИМнинг 17 фоизи. Учинчи ўринни Афғонистон эгаллади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид