Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус тергов комиссияси сешанба куни Исроил Ғазода геноцид содир этгани ва Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, бош вазир Бинямин Нетаняҳу бу ҳаракатларга туртки бергани ҳақида хулосага келди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳисоботни қатъиян рад этди ва уни тузувчиларни нохолисликда ҳамда Ҳамаснинг узоқ вақтдан бери рад этиб келинаётган ёлғонларини такрорлашда айблади.

Ҳисоботда қотилликлар кўлами, инсонпарварлик ёрдамини блоклаб қўйиш, бепуштликни даволаш клиникасини мажбуран кўчириш ва йўқ қилиш мисоллари келтирилган. Бу эса бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хулосаларига мос келади.

Оккупация остидаги Фаластин ҳудудларида текширув ўтказиш бўйича мустақил халқаро комиссия БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан 2021 йилда халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг барча эҳтимолий бузилишларини текшириш мақсадида ташкил этилган.

«Ғазода геноцид содир бўлмоқда, – деди Фаластин бўйича тергов комиссияси раҳбари, Халқаро жиноий суднинг собиқ судяси Нави Пиллэй. – Ушбу ваҳшиёна жиноятлар учун жавобгарлик деярли икки йил давомида Ғазодаги фаластинликларни йўқ қилиш учун аниқ мақсад билан геноцид кампаниясини уюштирган Исроил расмийларининг юқори доиралари зиммасида».

Исроил комиссия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Исроилнинг Женевадаги дипломатик миссияси комиссияда Исроилга қарши қаратилган сиёсий кун тартиби мавжудлигини айтмоқда.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳисоботни қатъиян рад этиб, уни «бузилган ва ёлғон» деб атади. Вазирлик матбуот котиби комиссиянинг уч нафар экспертини «Ҳамас вакиллари» деб атаб, уларни «Ҳамаснинг аллақачон тўлиқ рад этилган ёлғонлари»га ишонишда айблади.

«Ҳисоботдаги ёлғонлардан фарқли ўлароқ, айнан Ҳамас Исроилда геноцид содир этишга уринган – 1200 кишини ўлдирган, аёлларни зўрлаган, оилаларни тириклайин ёқиб юборган ва барча яҳудийларни ўлдириш мақсадини очиқчасига эълон қилган», – дея қўшимча қилди у.

Исроил аввал ҳам комиссияни нохолисликда айблаганди. 2022 йилда комиссия аъзоларидан бирининг ижтимоий тармоқлар «яҳудий лоббиси томонидан назорат қилиниши» ҳақидаги сўзлари можаро келтириб чиқарганди.

«Бизни обрўсизлантиришга уриниш учун катта маблағ сарфлаётган яҳудий лоббиси ёки айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан сезиларли даражада назорат қилинадиган ижтимоий тармоқлардан ҳафсаламиз пир бўлди», – деганди комиссия аъзоси Милун Котари уч йил олдин.

Ўшанда бутун дунёдан ўн олтита яҳудий ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши раисига мактуб йўллаб, уни яҳудийлар ва яҳудий давлати шаънига ҳақоратли сўзлар айтган Исроил фаолиятини текшириш комиссияси аъзоларини четлатишга чақирган эди.