Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Экология соҳасидаги янги бошқарув тизими ва Ўзбекистоннинг халқаро турнирдаги ғалабаси – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Экология вазирлиги ҳукумат таркибидан чиқарилиб, мустақил қўмитага айлантирилди
Ўзбекистонда экология ва туризм соҳаларидаги бошқарув тизими ўзгаради. Бу ҳақда президент қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси эса экология органидан ажратилиб, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади. Ўрмон агентлиги, Ўзгидромет ва Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ўз фаолиятини Экология қўмитаси ҳузурида давом эттиради.
Ўзбекистон миллий жамоаси халқаро турнир ғолиби бўлди, ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионатини тарк этди
Бирлашган Араб Амирликларнинг Ал-Айн шаҳрида ўтказилган Al Ain Cup халқаро турнири финалида Ўзбекистон миллий жамоаси Эронни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди. Ўйиндан кейин бош мураббий Фабио Каннаваро омади борлигини, чунки жуда ақлли ўйинчиларга эга эканини айтди.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Қатарда ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Италияга 2:3 ҳисобида ютқазди. Шу тариқа ўзбекистонликларнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки якунланди. Ўйиндан кейин бош мураббий Исломбек Исмоилов футболчилар ва мухлислар билан илиқ хайрлашди.
Солиқдан энг кўп қарзи бор қурилиш компаниялари маълум қилинди
2025 йил 1 ноябр ҳолатига солиқ қарзи 100 млн сўмдан юқори қурилиш корхоналари сони 1209 тани ташкил этмоқда. Уларнинг умумий қарздорлиги 1,2 трлн сўмдан ошган. Шундан 311,2 млрд сўми, яъни 23,9 фоиз солиқ қарзи энг йирик бўлган 10 та корхона ҳисобига тўғри келади. Энг кўп қарздор корхоналар: “Mohir-Quruvchi” МЧЖ – 65,3 млрд сўм; “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖ – 63,9 млрд сўм; “Aziya Invest Favorit” МЧЖ – 63,9 млрд сўм.
Ҳудудлар кесимида корхоналарнинг солиқ қарздорлиги кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 391 млрд сўмни, Тошкент вилоятида 322,7 млрд сўмни, Андижон вилоятида 147,9 млрд сўмни ташкил этган.
Ўзбекистонда инфляцияни янги услубда ҳисоблашга ўтилади
Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан биргаликда 2026 йилдан Ўзбекистонда инфляцияни ҳисоблаш услубиётини халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Янги тизим билан истеъмол нархлари индексини ҳисоблашда:
- 10 кунлик (ҳар ой 10–20 санасида) кузатувдан 30 кунликка ўтиш;
- нарх кузатуви объектлари сонини 4 500 дан 7 200 га ошириш;
- муқобил маълумотлар манбаларидан олинадиган ойлик нархлар сонини 100 мингтага етказиш кўзда тутиляпти.
Тошкентда Солиқ бошқармаси бош инспектори 5 минг доллар билан ушланди
Сурхондарёдаги тўқимачилик корхонасига нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаш иши доирасида 8,7 млрд сўмлик қўшимча солиқни бекор қилиш эвазига 5 минг доллар олган Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бош инспектори Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025
«Афросиёб»даги президент ва кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги чоралари – маҳаллий дайжест
21:31 / 01.12.2025