Ўзбекистон | 21:21 / 24.11.2025
3016
4 дақиқада ўқилади

Олий таълимда контракт тўлови муддати ўзгариши ва корхоналарга зарарли ташламаларни 2 баравар камайтириш талаби – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Олий таълимда контракт тўлови муддатлари ўзгарди

Адлия вазирлиги таълим ташкилотларида тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказди.

Янгиланган тартибга кўра, олий таълим ташкилотларида контракт асосида ўқиш учун тўлов қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

- тўлов миқдорининг камида 25 фоизи – абитуриентлар учун 15 сентябргача, юқори босқич талабалари учун 1 октябргача ёки ОТМ ректори томонидан узайтириладиган муддатгача;

- тўлов миқдорининг камида 50 фоизи – 1 январгача, 75 фоизи – 1 мартгача, 100 фоизи – 1 майгача ёки ОТМ ректори томонидан узайтириладиган муддатгача тўланади.

Давлат компаниялари президент рухсатисиз ҳомийлик билан шуғулланишни тўхтатади

Президент фармойиши билан, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори корхоналарга давлат раҳбарининг қарорлари ва топшириқларидан ташқари бошқа ҳолларда ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишни тўхтатиш буюрилди.

“Давлат корхоналари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларидан ташқари бошқа ҳолларда ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишни тўхтатсин”, – дейилади фармойишнинг 9-бандида.

Ҳужжат билан, “UzAssets” АЖ бошқарувидаги стратегик йирик давлат корхоналарининг 2026 йилги бизнес-режалари 2 ой муддатда танқидий кўриб чиқилиши белгиланди.

Саноат корхоналарига зарарли ташламаларни 2 баравар камайтириш талаби қўйилди

Атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтириш мақсадида саноат корхоналарига 2025 йил 1 декабргача зарарли ташламалар ҳажмини камида 2 бараварга қисқартириш вазифаси юклатилди. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналари қуйидаги муддатларда экологик талабларни тўлиқ бажариши шарт: I тоифага кирувчи корхоналар – 2026 йил 1 январгача; II тоифа корхоналар – 2026 йил 1 июлгача.

Шу муддатларга қадар корхоналар: автоматик атмосфера мониторинг станцияларини ўрнатиши, чанг-газ ҳамда сув тозалаш ускуналарини ўрнатиши ёки мавжудларини модернизация қилиши, санитар ҳимоя зоналарини автоматик кузатув постлари билан жиҳозлаши зарур.

Қайд этилишича, ушбу мажбуриятлар бажарилмаган ҳолларда атроф-муҳитни ифлослантириш учун компенсация тўловлари 5 бараваргача оширилган ҳолда қўлланади.

Рақобат қўмитаси «пулли парковка» бўйича ўрганиш бошлади

Рақобат қўмитаси 11 та товар бозорида устун мавқега эга бўлмаган, лекин битим шартлари, товарлар сотиладиган ҳудуд ёки нархга бир томонлама таъсир кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган 66 та корхона рўйхатини тузди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи автотураргоҳ операторларининг устун музокара кучини эътироф этиш юзасидан тегишли ўрганишлар олиб борилаётганлиги ҳам маълум қилинди.

Қайд қилинишича, пойтахт кўчаларида автомобил қўйиш жойларидан фойдаланиш ҳақи соатига 12 минг сўмдан бошлаб белгилангани, тушаётган маблағлар бўйича очиқлик ва ҳисобдорлик етишмаётгани жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўляпти.

Тошкентда ҳаво ифлосланишига қарши рейдларда иссиқхоналар, қурилиш ва саноат корхоналари текширилмоқда

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори Дониёр Турғуновнинг маълум қилишича, 2025 йил 23 ноябр ҳолатига кўра Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши кичик градиентли, юқори босимли атмосфера жараёни ва инверсия ҳодисаси таъсирида турғун сақланмоқда. Мазкур ҳолатни юмшатиш мақсадида Тошкент ва унга туташ ҳудудларда кенг қамровли рейдлар ва амалий тадбирлар олиб борилмоқда.

Турғуновнинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда инверсия ҳодисаси ҳавонинг вертикал ҳаракатини чеклаб қўйган. Вертикал ҳаракатнинг нотўғри тақсимланиши натижасида майда заррачалар қуйи ҳаво қатламларида тўпланиб, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси маълум вақт давомида турғун сақланиб қолмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид