Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саноат корхоналарига зарарли ташламаларни 2 баравар камайтириш талаби қўйилди
Атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтириш мақсадида саноат корхоналарига 2025 йил 1 декабргача зарарли ташламалар ҳажмини камида 2 бараварга қисқартириш вазифаси юклатилди. Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда компенсация тўловлари сезиларли даражада оширилади.
Расмий маълумотга кўра, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари 2023 йил 31 майда қабул қилинган президент фармони ҳамда 2024 йил 25 ноябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қатъийлаштирилган.
Унга мувофиқ, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналари қуйидаги муддатларда экологик талабларни тўлиқ бажариши шарт: I тоифага кирувчи корхоналар – 2026 йил 1 январгача; II тоифа корхоналар – 2026 йил 1 июлгача.
Шу муддатларга қадар корхоналар:
- автоматик атмосфера мониторинг станцияларини ўрнатиб, уларни Экология ва иқлим ўзгариши органларига улашлари;
- юқори самарадорликка эга чанг-газ ҳамда сув тозалаш ускуналарини ўрнатиш ёки мавжудларини модернизация қилиши;
- санитар ҳимоя зоналарини автоматик кузатув постлари билан жиҳозлаши зарур.
Қайд этилишича, ушбу мажбуриятлар бажарилмаган ҳолларда атроф-муҳитни ифлослантириш учун компенсация тўловлари 5 бараваргача оширилган ҳолда қўлланилади.
Мутасадди идоралар мазкур чоралар шаҳар ва саноат ҳудудларида ҳаво сифати яхшиланиши, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш ва корхоналарнинг экологик жавобгарлигини оширишга қаратилганини таъкидламоқда.