Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Истеъмолчилар мурожаати учун қулайлик ва Тошкентдаги оммавий эко-рейдлар – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Истеъмолчилар мурожаати учун янги онлайн платформа ишга туширилди
Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида яна бир қулай ахборот технологияси жорий этилди. Янги онлайн платформа орқали жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатини масофадан туриб юбориш имкониятига эга бўлди.
Мазкур платформа орқали фойдаланувчи нафақат мурожаат тақдим этиши, балки унинг кўриб чиқилиши жараёнини ҳам реал вақт режимида кузатиб бориши ва якуний қарор билан онлайн танишиши мумкин. Таъкидланишича, бу эса мурожаатларни кўриб чиқишда ошкоралик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Истеъмолчилар ўз мурожаатини Fair tech ягона ахборот тизими орқали юбориши мумкин.
Тошкентда 100 дан ортиқ ифлослантирувчи объект фаолияти тўхтатилди
2025 йил 24–28 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларини аниқлаш ва чеклаш мақсадида ўтказилган кенг қамровли рейдлар натижасида 100 дан ортиқ ифлослантирувчи объект фаолияти тўхтатилди, юзлаб шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Жумладан, 67 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди, 53 та ноқонуний қурилиш аниқланди, талабларга жавоб бермаган 34 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди, ҳавони меъёрдан ортиқ ифлослантирган 206 ҳайдовчига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди, юкни ёпмасдан ҳаракатланган 837 та транспорт воситасига жарима чоралари қўлланди.
Мутасаддиларга кўра, бундай рейдлар ва профилактик тадбирлар атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш ҳамда экология талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида давомли равишда ўтказиб борилади.
Ўзбекистон университетларининг OpenAI экотизими билан интеграцияси чуқурлаштирилади
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов OpenAI компаниясининг таълим бозорига чиқиш ва давлат тузилмалари билан ҳамкорлик масалалари бўйича масъул бўлим раҳбари Валери Фоке ҳамда Silkroad Innovation Hub асосчиси ва раҳбари Ассет Абдуалиевни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун сунъий интеллект технологияларига оид таълим дастурлари, тренинглар, онлайн платформалар ва акселерация имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, педагоглар ва олимлар учун сунъий интеллектга оид ресурслар, профессионал жамоалар ва билим алмашиш майдонларидан самарали фойдаланиш имкониятларини яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Қишки ўқишни кўчириш бўйича ариза қабул қилиш 20 декабрдан бошланади
Давлат ОТМ ўртасида ўқишни кўчириш бўйича қишки жараён 20 декабрдан бошланади.
Ўқишни кўчиришга фақат давлат олий таълим муассасалари ўртасида ва қуйидаги икки узрли сабаб асосида рухсат берилади:
- талаба оила қурган тақдирда, турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириш истагида бўлса;
- давлат органлари ходимининг иш жойи ўзгарганда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчирмоқчи бўлса (бу ҳолда тегишли вазирлик/идора раҳбарининг тавсия хати талаб этилади).
Аризалар 20 декабрдан 20 январгача ҳудудий ишчи гуруҳларга офлайн шаклда топширилади.
Ўзбекистон тарихида илк бор аёл каратэчи жаҳон чемпионига айланди
Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўтаётган каратэ бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчи Гулшан Алимардонова (-50 кг) олтин медални қўлга киритиб, мамлакат тарихида аёл каратэчилар орасида илк бор жаҳон чемпиони бўлди.
Шу пайтга қадар каратэ бўйича жаҳон чемпионатида юрт шарафини ҳимоя қилган спортчилар ичида фақат Достонбек Отаболаев олтин медалга эга чиққан эди. Энди эса унга Гулшан Алимардонова ҳамқадам бўлиб, ўз номини жаҳон аренасидаги чемпионлар қаторига қўшди.
Мавзуга оид
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025
«Афросиёб»даги президент ва кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги чоралари – маҳаллий дайжест
22:30 / 28.11.2025