Жаҳон | 22:21 / 12.12.2025
1481
7 дақиқада ўқилади

Ғазода оғир ҳуманитар вазият: юзлаб чодирларни сув босди

Пайшанба куни ёпирилган бўрон ортидан Ғазони кучли ёмғирлар қамраб олди. Юзлаб оилалар паноҳ топган чодирлар ичига ҳам сув кирган: 8 ойлик чақалоқ совуқдан ҳалок бўлди.

Фото: AP Photo
=Фото: Anadolu
Фото: Reuters

«Байрон» бўрони секторга ёпирилган шу кунларда Ғазодаги чуқурлашиб бораётган ҳуманитар инқироз етарли даражада бартараф этилмаганини кўринмоқда. The Associated Press нашрининг ёзишича, кучли ёмғирлар оқибатида кўплаб оилалар чодирлари ичидаги буюмлари ва озиқ-овқат захиралари ҳам сувга ботган. 11 декабр куни айрим жойларда сув тиззагача кўтарилди ва тупроқ йўллар лойга айланди.

Ёмғир келтирган вайронагарчилик

Ғазода уйларнинг аксарияти вайрон қилинган: тахминан 2 миллион аҳоли деярли тўлиқ кўчирилган. Одамларнинг кўпчилиги қирғоқ бўйлаб чўзилган улкан чодир лагерларида ёки сув тошқинига қарши инфратузилмасиз яшамоқда. Санитария ҳам абгор аҳволда: ҳожатхона сифатида чодирлар ёнига ковланган чуқурлардан фойдаланилмоқда. Бунинг устига эса кучли ёмғирлар бошланди.

Фото: Anadolu

«Бизни сув босди. Киядиган кийим ҳам, матрасларимиз ҳам қолмади», — деди Хон Юнусдаги чодирда яшаётган Ум Салман AP нашрига берган интервьюсида. Унинг айтишича, чодир ичига сув кириб кетгани сабабли оиласи кечаси ухлай олмаган.

Муваси деб аталадиган хароба ҳудудда яшовчи Сабрин Қудеҳнинг айтишича, оиласи уйғонганида чодир томидан ёмғир томчилаб оқаётган, кўчадан келган сув эса матрасларни ивитиб юборган.

Фото Reuters

Шу лагерда яшовчи Аҳмад Абу Тоҳа эса бирорта ҳам чодир сувдан омон қолмаганини айтди. «Аҳвол жуда оғир: бу лагерда кексалар, кўчирилганлар ва касаллар бор», — деди у.

Фаластин Фуқаролик мудофааси хабарига кўра, ёмғир таъсирида Ғазо шаҳрида Исроил бомбардимони натижасида шикастланган камида учта бино қисман қулаб тушган. Улар одамларни шикастланган биноларда қолмасликка чақирди, чунки бундай бинолар одамлар устига қулаши мумкин.

Фото: Anadolu

Шунингдек, бўрон бошланганидан бери бутун Ғазо бўйлаб чодирлари ва бошпаналари шикастланган одамлардан 2 500 дан ортиқ ёрдам чақирувлари келиб тушган.

Фаластинликлар челак ва швабралар ёрдамида чодирларидан сувни машаққат билан чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Алиа Баҳтитининг айтишича, унинг 8 ёшли ўғли «кечаси бутунлай ҳўл бўлди, эрталабгача сув устида ухлагани учун кўкариб кетган». Унинг чодирида пол устида бир неча сантиметр сув турган.

Чақалоқ совуқдан вафот этди

Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари Хон Юнус шаҳрида, оиласи чодирини сув босиши ортидан Раҳаф Абу Жазар исмли саккиз ойлик қизалоқ совуқдан ҳалок бўлганини билдирди. Қизалоғини қўлида ушлаб, йиғлаб турган онаси Ҳижар Абу Жазарнинг Reutersʼга айтишича, улар ухлаб қолишдан олдин қизини эмизган.

«Уйғонганимизда ёмғир унинг устига ёғаётганини, шамол эса тўғридан-тўғри унга ураётганини кўрдик. Қизалоғим тўсатдан, совуқдан вафот этди. У билан ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Юрагимда олов ёняпти…», — дейди у.

 Фото: Anadolu
 Фото: Anadolu

Бу ердаги чодир лагерида айрим эркаклар – бошпаналарга киришни тўсиб қўйган сув ва лойни белкураклар билан тозаламоқда. Бошқалар эса кучли шамол ва ёмғирдан чодирларни ҳимоялаш учун қум тўлдирилган қопларни тайёрлашган.

«Қиладиган ишимиз йўқ. Ёстиқ-кўрпа сувга ботади ва яна уларнинг устида ухлашимиз учун икки-уч кун қуритишга мажбурмиз. Бу чодирлар ёмғир ёки кучли об-ҳаводан умуман ҳимоя қилмайди», — дея Аҳмад Салемнинг сўзларини келтирмоқда нашр.

Инфратузилма вайрон бўлган

Шаҳар ва фуқаролик мудофааси расмийлари ёқилғи танқислиги ва техника шикастлангани сабабли бўронга қарши кураша олмаётганини айтди. Уларнинг таъкидлашича, уруш давомида Исроил юзлаб транспорт воситаларини, жумладан бульдозерлар ва сувни ҳайдашда ишлатиладиган техникаларни йўқ қилган.

БМТ ҳисоботига кўра, тахминан 850 минг киши жойлашган 761 та кўчирилганлар маскани сув тошқинлари хавфи юқори бўлган ҳудудларда жойлашган. Кучли ёмғир кутилаётгани сабаб минглаб одамлар олдиндан бошқа жойларга кўчиб ўтган.

Фото: Anadolu

БМТ ва фаластинлик расмийлар тахминан 1,5 миллион нафар кўчирилган аҳоли учун камида 300 мингта янги чодир зудлик билан зарурлигини айтди. Мавжуд бошпаналарнинг аксарияти эскирган ёки юпқа пластик ва матодан ясалган.

Фото: Reuters

Reutersʼнинг ёзишича, ғазоликлар бомбардимон қилинган уйлар вайроналари орасидан темир арматураларни суғуриб олиб, уларни чодирларни тутиб туриш учун ишлатмоқда ёки бир неча долларга сотишга мажбур бўлмоқда.

Етарлича ёрдам киритилмаяпти

Ёрдам ташкилотлари Исроил йиллар давом этган урушдан кейин ҳудудни қайта тиклашни бошлаш учун Ғазога етарли ёрдам киритмаётганини айтмоқда.

Келишувга кўра, Исроил январдаги аввалги сулҳ шартларига риоя қилишга рози бўлган. Унга кўра, кунига 600 та ёрдам юк машинасини Ғазога киритиш белгиланган эди. Исроил бу шарт бажарилаётганини таъкидлайди, бироқ Исроил ҳарбийлари яқинда эълон қилган рақамлар ҳам кунига 600 та ёрдам юк машинасини киритилмаганини кўрсатади, деб ёзмоқда AP.

Фото: AP Photo
Фото: AP Photo

«Совуқ кунлар, одамлар ҳаддан ташқари тиқилиб яшаётган ва санитария талаблари бузилган муҳит касаллик ва инфекция хавфини кучайтиради. Бу азоб-уқубатларнинг олдини ҳуманитар ёрдамни тўсқинликсиз етказиш, жумладан тиббий ёрдам ва муносиб бошпана билан таъминлаш орқали олиш мумкин», дейди фаластинлик қочқинлар бўйича БМТ агентлиги.

Январдаги сулҳ Исроилнинг маълум миқдорда карвон уйлари ва чодирлар киритишига ҳам рухсат беришни назарда тутган. Бироқ сулҳ даврида ҳозирча бирорта ҳам карвон уйлари Ғазога киритилмади, дейди фаластинликларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Исроилнинг Гиша ташкилоти.

Фаластин ННТ тармоғининг Ғазодаги раҳбари Амжад ал-Шава пайшанба куни Al-Jazeera’га фақат зарур бўлган 300 минг чодирнинг жуда оз қисми Ғазога кирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, фаластинликлар иссиқ қишки кийимларга кескин муҳтож, Исроил эса сув босган бошпаналарни тозалашга ёрдам берадиган насосларнинг киришини ҳам тўсиб қўймоқда.

Фото: AP Photo

«Барча халқаро томонлар Ғазодаги вазият учун масъулиятни ўз зиммасига олиши керак», - деди у. «Ғазодаги одамлар учун барча даражаларда реал хавф мавжуд».

Исроил томони сув насослари ёки оғир техникалар киритилмаётгани ҳақидаги даъволарга ҳозиргача изоҳ бермаган.

Ғазода шу йил октябрь ойидан буён мўрт сулҳ сақланиб келмоқда, бироқ уруш – сектор инфратузилмасининг катта қисмини вайрон қилиб, ўта оғир яшаш шароитларини қолдирган. Бироқ зўравонликлар тўлиқ тўхтамаган. Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, сулҳ бошланганидан бери Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 383 киши ҳалок бўлган. Исроил эса сулҳ даврида уч нафар аскари ҳалок бўлганини айтмоқда.

Фото: AP Photo
Фото: AP Photo

Мавзуга оид