24 ноябрь куни Исроил кучлари Ғазода — ўз назорати остидаги ҳудудларни белгилаб турувчи чизиқ яқинида уч нафар фаластинликни ўлдирди. Бу ҳақда Фаластиндаги тиббиёт ходимларига таяниб, Reuters нашри маълум қилди.
Хусусан, душанба кунги ҳодисада Исроил дрони Хон Юнуснинг шарқида бир гуруҳ одамларга ракета ўқ узиб, икки кишини ўлдирган ва яна бирини яралаган. Ғазо шаҳрининг шарқий томонида эса танк снаряди бир кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Исроил ҳарбийлари эса «бу шахслар «сариқ чизиқ»даги чегарани кесиб ўтаётгани, аскарларига яқинлашаётгани учун дарҳол хавф туғдиради деб топилгани ҳамда ўқ узилгани»ни билдирди.
Душанба куни, шунингдек Фаластиндаги бошқа қуролли гуруҳ Ғазо секторида Исроил армияси назоратидаги ҳудудда бир гаровдагининг жасади топилганини маълум қилди. Жасад қачон топширилиши ҳозирча маълум эмас. Бу — Ғазода қолаётган уч жасаддан биридир.
Мўрт сулҳга амал қилиш қийинлашмоқда
АҚШ воситачилигида ҲАМАС ва Исроил 10 октябрь куни икки йиллик вайронкор урушни тўхтатган сулҳ битимини имзолаган эди. Бироқ бу келишув энг мураккаб масалаларни кейинги музокараларга қолдирган. Ҳозирда можаро ҳал қилинмасдан музлатиб қўйилган, дейиш мумкин.
Сулҳга кўра, ҲАМАС Ғазода қолган тирик 20 нафар гаровдагининг барчасини қайтарган. Исроил эса қамоқхоналари ва ҳарбий ҳибсхоналарида сақланаётган қарийб 2 000 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Келишув, шунингдек, 28 нафар гаровдагининг жасадини 360 нафар Ҳамас аъзолари жасадига алмашишни назарда тутганди.

Битим имзолангандан бери томонлар бир-бирини келишувни бузишда ва турли ҳужумларда айблаб келмоқда. Айниқса, Исроил томони бир неча маротаба Ғазога очиқ-ойдин ҳужумлар уюштирди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, сулҳ 10 октябрда кучга кирганидан буён Исроил ҳужумлари натижасида камида 342 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Исроил эса шу давр ичида уч нафар аскари ҳалок бўлганини айтмоқда.









