Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нотариуслар учун никоҳ шартномаларини тасдиқлашнинг янги қоидалари белгиланади
Нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартибини белгилайдиган низом тасдиқланиши назарда тутилмоқда. Ҳужжатга кўра, никоҳ шартномаси нотариал идорада, видео-конференц-алоқа орқали ёки сайёр тартибда расмийлаштирилиши, жараён эса аудио ва видеода қайд этилиши белгиланган.
“Нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби тўғрисида”ги низом ишлаб чиқилди.
Низом лойиҳасида никоҳ шартномасини расмийлаштиришнинг бир нечта шакли белгиланган. Хусусан, шартнома нотариал идора биносида, видео-конференц-алоқа орқали ёки мурожаат қилувчилар хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилиши мумкин. Видео-конференц-алоқа орқали расмийлаштирилганда бу ҳолат тасдиқловчи ёзувда қайд этилади ҳамда жараён “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида автоматик равишда аудио ва видеода ёзиб борилиши назарда тутилган.
Шартнома нотариал идорадан ташқарида сайёр тартибда расмийлаштирилса, тасдиқловчи ёзувда шартнома расмийлаштирилган жой манзили кўрсатилади. Бунда расмийлаштириш ва имзолаш жараёни нотариус томонидан мажбурий аудио-видео қайд этилади. Шунингдек, видеоёзувда нотариус ва иштирокчилар тўлиқ тушиши, нотариал ҳаракат мазмуни ва аҳамияти тушунтирилгани, ҳужжат матни билан тўлиқ танишилгани, имзолаш ҳамда бармоқ изларини Тизимда сканер қилиш жараёни тўлиқ акс эттирилиши лозимлиги белгиланган.
Ҳужжат лойиҳасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилиши, фуқаролар талабига кўра матн рус тилида ёки имконият бўлса бошқа мақбул тилда берилиши ҳам қайд этилган. Агар шартнома тараф(лар) тушунмаган тилда тузилса, матн нотариус ёки тарафлар таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳолатда таржимон ҳақидаги маълумотлар ҳужжат матни ва тасдиқловчи ёзувда акс эттирилиши, таржимон нотўғри ёки ёлғон таржима учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган.
Низом лойиҳасига кўра, никоҳ шартномаси никоҳ ёшига етган шахслар ўртасида тузилади ва уни вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, тарафлар ўртасида никоҳ қайд этилмаган бўлса, шартнома юридик оқибатлар келтириб чиқармаслиги қайд этилган.
Мурожаат қилиш тартибида фуқаролар нотариал идорага бевосита келиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда E-notarius.uz орқали электрон тарзда рўйхатдан ўтиши мумкинлиги белгиланган. Тизим орқали келиб тушган мурожаатларни нотариус бир иш куни ичида кўриб чиқиши ва қабул қилиши шартлиги ҳам назарда тутилган.
Шартномани тасдиқлашда нотариус тарафларнинг шахсини замонавий ахборот технологиялари орқали идентификация қилиши, биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face-ID) орқали верификация қилиши ёки электрон шаклдаги маълумотлар асосида тасдиқлаши мумкинлиги кўрсатилган. Шартномани имзолаш босқичида эса тарафларнинг камида иккита бармоқ изи махсус мосламаларда сканер қилиниши белгиланган.
Низомда шунингдек шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш, нотариал ҳаракатни рад этиш асослари, тўловларни автоматик ҳисоблаш ҳамда СМС орқали тасдиқлаш коди юбориш каби тартиблар ҳам баён этилган.
Мавзуга оид
11:40 / 04.05.2026
Ўзбекистонда автомобилни қандай расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш мумкин?
21:25 / 16.03.2026
Кўчмас мулк ва транспорт олди-сотдисида ҳисоб-китоблар тартиби белгиланди
09:44 / 16.02.2026
Нотариуслар эскроу ҳисобварақда маблағ бор-йўқлигини онлайн текширади
13:14 / 12.02.2026