Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Автомобилни чет элга олиб чиқиш тартибининг ўзгариши ва тиббиёт ходимларига янги имтиёз – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Автомобилни чет элга олиб чиқиш тартиби ўзгарди
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳукуматнинг «Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Уларга кўра, автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларида ишончнома берилган шахсда транспорт воситасини чет элга олиб чиқиш ҳуқуқи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги ёзув алоҳида кўрсатилиши шарт.
Бу ўзгариш сўнгги пайтларда Ўзбекистондан машиналар чет элга олиб чиқилиб, сотиб юборилиши билан боғлиқ ҳолатлари кўпайгани фонида амалга оширилди. Ушбу ҳуқуқий бўшлиқ фирибгарларга имкон яратиб бераётган эди. Kun.uz бу ҳақда бир нечта суриштирув эълон қилган эди.
Тиббиёт ходимлари фарзанди таълим контрактининг 30 фоизи қоплаб берилади
2026 йил 1 январдан бошлаб камида 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзанди олий таълим ташкилотларида бакалавриат босқичида ўқиса, уларнинг йиллик контракт тўловининг 30 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Бироқ компенсация миқдори БҲМ 15 бараваридан ошмайдиган қисми доирасида амал қилади.
Қонунчиликка кўра, ушбу қўллаб-қувватлаш чораси тиббиёт ва фармацевтика соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган ходимларни рағбатлантириш, шунингдек, уларнинг фарзандларини олий таълим билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Ўзини дистрибютор деб танитган Хайрулло Шокиров йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланмоқда
Тошкент шаҳри ИИББ ижтимоий тармоқларда Хайрулло Шокиров номи билан танилган шахснинг фаолияти юзасидан тергов бошлади. У анор шарбати ва бошқа ичимликлардан катта фойда ваъда қилиб, фуқароларнинг маблағларини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Етказилган зарарнинг қиймати хабарда келтирилмаган.
ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Хайрулло Шокировга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши тергов қилинмоқда.
Шокиров гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Сув танқислиги туфайли Ўзбекистон ГЭСларида электр энергияси ишлаб чиқариш камайди
Ўзбекистондаги гидроэлектр станцияларида сув танқислиги туфайли электр энергияси ишлаб чиқариш камайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги чиқишида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.
Депутат Сайдулло Азимов гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг камайиб бораётганига урғу бериб, бунга нима сабаб бўлгани билан қизиқди.
«Сув келиши 35 фоизга камайди. Йирик гидроэлектр станциялари томонидан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ўтган йилга нисбатан камайишига асосий сабаб шу», деб таъкидлади Мирзамаҳмудов.
Вазирнинг қўшимча қилишича, сув энергиясини жамлаш станцияларини қуриш ҳам режалаштириляпти. Ўз навбатида йирик гидроэлектр станциясини қуриш 6 йилдан 10 йилгача давом этади, шу жиҳатдан қисқа муддатда барқарор энергия таъминотининг энг арзон усули «яшил» энергетика ҳисобланади.