Ўзбекистон | 13:09 / 05.01.2026
1054
2 дақиқада ўқилади

Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳар йили 1,5 фоизга камайтирилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида атмосфера ҳавосининг ифлосланишини олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлаб қолишга қаратилган қатор чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Хусусан, атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни ҳар йили 1,5 фоизга камайтириш, йирик тоифадаги корхоналарда технологияларни тўлиқ модернизация қилиш ва оқова сувларни тозалаш инфратузилмасини 100 фоиз янгилаш режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш ҳамда унинг табиий таркибини сақлаш бўйича кескин чоралар кўриш вазифалари қайд этилган.

Лойиҳада белгиланишича, 356-банд доирасида атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини ҳар йили 1,5 фоизга камайтириб бориш кўзда тутилмоқда. Мазкур йўналишда чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилиши, натижада ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни пасайтириш мақсад қилинган.

Шунингдек, 357-бандга мувофиқ, атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи 686 та хўжалик юритувчи субъектлардаги ифлослантирувчи технологияларни 100 фоиз модернизация қилиш режаси белгиланган. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларида экологик талабларни кучайтириш, қўлланилаётган технологияларни замонавийлаштириш орқали чиқиндиларни камайтиришга қаратилган.

Лойиҳага киритилган 358-бандда эса атроф-муҳитга оқова сув чиқарувчи I ва II тоифали 425 та корхона ва ташкилотларда 100 фоиз локал оқова тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишни таъминлаш вазифаси келтирилган. Таъкидланишича, мазкур чоралар оқова сувларни маҳаллий даражада тозалаш имкониятларини кенгайтириш, атроф-муҳитга тушадиган юкламани камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, лойиҳадаги ушбу вазифалар экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва яшаш муҳитини яхшилашга қаратилган устувор йўналишлар сифатида белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид