Ўзбекистон | 12:10 / 05.01.2026
30793
2 дақиқада ўқилади

Бойсунда нефт сизиб чиқди. Вазирлик вазият назоратга олинганини маълум қилди

Энергетика вазирлиги Бойсун туманидаги «М-25» кони ҳудудида нефт сизиб чиққанини тасдиқлади. Ҳозирда нефт узлуксиз равишда махсус ҳовузларга етказилмоқда. Нефт суюқлиги намунаси бўйича таҳлил ишлари бошланган, сизиб чиқиш жиловланган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидан нефт сизиб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги кондан нефт чиқаётганини тасдиқлаб, расмий баёнот берди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, 2025 йил декабр ойининг сўнгги кунларида Бойсун тумани ҳудудида жойлашган «М-25» конида таркибида нефт сақловчи суюқликнинг ер юзасига чиқиши ҳолати кузатилган. Ҳолат тегишли идоралар томонидан зудлик билан назоратга олинган.

«Нефт суюқлиги атроф-муҳитга тарқалишининг олдини олиш мақсадида кон ҳудуди атрофида ҳамда яқиндаги сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилди. Бу чоралар суюқликнинг кенг майдонга ёйилишига йўл қўймасликка қаратилган.

Йиғиб олинган нефт суюқлиги доимий равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳар бири 5 минг метр куб ҳажмга эга бўлган, махсус изоляцияланган иккита шлам ҳовузи мавжуд. Мазкур инфратузилма нефт суюқлигини хавфсиз сақлаш ва келгусида ундан самарали фойдаланиш имконини беради.

Маълум қилинишича, барча ишлар амалдаги саноат ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда»,  дейилади хабарда.

Фото: Энергетика вазирлиги

Нефт суюқлиги намунаси бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига асосан қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади, геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда.

Ҳозирги кунда ҳолат доимий мониторингда бўлиб, нефт суюқлиги жиловланган. Дастлабки кунларда чиқиб каналга оққан нефт суюқликларини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилиши қўшимча қилинган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид