Ўзбекистон | 14:34 / 05.01.2026
2823
3 дақиқада ўқилади

50 га яқин функция ва ваколат маҳаллий ижро органларига ўтказилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида маҳаллий кенгашлар самарадорлигига оид қонунчиликни такомиллаштириш, вакиллик органлари ишини 100 фоиз рақамлаштириш, ҳокимлик ҳужжатларини E-qaror орқали тўлиқ электрон қабул қилиш, бир қатор ваколатларни ҳудудларга ўтказиш ҳамда “бюрократияни нол” тамойилини жорий этиш белгиланган.

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари — маҳаллий кенгашларнинг таъсирчанлиги ва жавобгарлигини ошириш, уларни аҳоли манфаатларини ифода этувчи асосий институтга айлантириш бўйича вазифалар назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, 364-банд доирасида маҳаллий кенгашларнинг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган 5 та қонунчилик ҳужжатини такомиллаштириш режалаштирилган. Бу орқали вакиллик органлари ваколатлари, назорат механизмлари ва жамоатчилик билан мулоқот самарадорлигини кучайтириш кўзда тутилади.

Шунингдек, 365-бандда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини тўлиқ 100 фоиз рақамлаштириш вазифаси белгиланган. Мақсад — қарорлар қабул қилиш, муҳокамалар, назорат-таҳлил жараёнларини шаффоф ва тезкор қилиш, аҳоли учун очиқ ахборот муҳитини кенгайтириш.

Лойиҳада маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органлари фаолиятини ҳам трансформация қилиш устувор йўналиш сифатида қайд этилган. Хусусан, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш белгиланмоқда.

Жумладан, 366-бандга мувофиқ, ҳоким ва унинг ўринбосарлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни — коллегиал орган сифатидаги қарорлар, хулоса, далолатнома, баённома каби ҳужжатларни E-qaror электрон тизими орқали ишлаб чиқиш ва қабул қилиш улушини 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу ҳужжат айланмасини тўлиқ электронлаштириш ва ортиқча қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 367-банд доирасида ҳар йили республика даражасида амалга ошириладиган 50 га яқин функция ва ваколатларни маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ўтказиш масаласи назарда тутилган. Мақсад — қарор қабул қилишни аҳолига яқинлаштириш ва ҳудудларда муаммоларни тезкор ҳал этиш имкониятларини кенгайтириш.

Лойиҳанинг 368-бандида маҳаллий ижро органлари аҳоли манфаатларига дахлдор ваколатларни амалга оширишда “бюрократияни ноль” тамойилини 100 фоизгача етказиш вазифаси қўйилган. Бу жараёнларни соддалаштириш, талаб этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш ва хизмат кўрсатишни тезлаштиришга қаратилган.

Шунингдек, 369-бандга кўра, ижтимоий-иқтисодий, қурилиш ва энергетика, инсон ресурслари, солиқ, божхона ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш каби йўналишларга оид 20 тадан ортиқ электрон тизимни ҳокимликлар фаолиятига татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Бу орқали ҳудудий бошқарувда маълумотлар алмашинуви, таҳлил ва мониторинг механизмларини кучайтириш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид