Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон учун 4 таҳдид ва дронларнинг жанговар шай операторлари – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
ДХХ раиси Ўзбекистон учун асосий 4 та таҳдидни санади
ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов Хавфсизлик кенгаши йиғилишида чегара бўлинмалари ва аэропортлар хавфсизлигини таъминлаш тизимидаги янгиликлар билан таништирди. Шунингдек, Ўзбекистон учун таҳдид сифатида кўрилган 4 та масалани кўтарди.
ДХХ раиси бугунги кунга келиб давлат чегарасининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан жиҳозлангани, 1117 километр оптик толали алоқа линияси тортилганини айтди.
Баҳодир Қурбонов бугунги кунда юзага келаётган асосий таҳдидлар ва уларга қарши кураш бўйича ҳам маълумот берди.
Унга кўра, Ўзбекистон учун қуйидаги 4 асосий таҳдид мавжуд: террорчилик хуружлари, давлат чегараси орқали трансчегаравий таҳдидлар, гиёҳвандлик моддалари айланмаси билан боғлиқ таҳдидлар ва коррупция таҳдиди.
Мудофаа вазири барча дрон операторлари жанговар шай эканини маълум қилди
Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳисобот берган Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов аскарлар FPV-дронларни бошқаришни қисқа муддатда тўлиқ ўрганиб олгани ҳақида маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, учувчисиз комплекслар мутахассисларини тайёрлаш маркази ташкил этилиб, 340 нафар мутахассис ўқитилди ва синовдан ўтказилди. Аскарлар энг қийин бўлган FPV-дронларни бошқариш, нишонларга аниқ зарба бериш кўникмаларини ўзлаштирди. Таъкидланишича, бугунги кунда барча FPV-дрон операторлари жанговар вазифани бажаришга тайёр.
Вазирнинг таъкидлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари янги олинган зенит комплексларини муваффақиятли синовдан ўтказган.
Президентга Хивадаги Конгресс маркази ва Фарғонадаги экспомарказ лойиҳаси тақдим этилди
Президент Шавкат Мирзиёев туризм, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Жумладан, Хива шаҳрида Конгресс маркази, Конфуций институти ва Лю Бан устахонаси, Урганч–Хива автомобил йўлига муқобил янги йўл, Фарғона шаҳрида экспомарказ, Бурҳониддин Марғилоний илмий-тадқиқот маркази, Бухоро давлат университетининг янги замонавий кампуси ва бошқалар тақдим этилди.
Шунингдек, Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш доирасида унинг инфратузилмасини кенгайтириш, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш сифатини, логистика имкониятларини ошириш орқали ҳудуднинг транспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш, бундан ташқари, Урганч вокзалидан янгиланган аэропортга алоҳида темирйўл линияси тортилиши лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.
Кўп квартирали уй-жойларни бошқаришнинг кластер тизими жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда 2026-2030 йилларда баъзи шаҳар ва туманларда кўп квартирали уй-жойларни бошқаришнинг кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш таклиф қилинди.
Эксперимент доирасида уйлар ҳолати таҳлил қилиниб, “яшил, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади, камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади ҳамда 5 йиллик ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Лотлар ва мастер-режалар туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, бошқарувчи ташкилотлар эса “Менинг уйим” тизими орқали мулкдорлар томонидан овоз бериш йўли билан танланади.
Мавзуга оид
22:03 / 14.01.2026
Трампга чора кўришни сўраган фуқаронинг жазоланиши ва болага ота исмини фамилия сифатида бериш имконияти – маҳаллий дайжест
21:50 / 13.01.2026
Ҳарбийлар учун янги имтиёзлар ва табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш топшириғи – маҳаллий дайжест
22:38 / 12.01.2026
Молхонада сақланган аёл иши бўйича ҳукм ва Мўйноқда янги газ кони – маҳаллий дайжест
23:02 / 07.01.2026