Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барча дрон операторлари жанговар вазифани бажаришга тайёр» – Ўзбекистон мудофаа вазири
Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳисобот берган Шуҳрат Холмуҳамедов аскарлар FPV-дронларни бошқаришни қисқа муддатда тўлиқ ўрганиб олишгани ҳақида гапирди.
Фото: Президент матбуот хизмати
13 январ куни Ўзбекистон президенти, қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал -лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедовнинг ҳисоботи ҳам тингланди. Мудофаа вазири барча полигонларда ерости позициялари, дронларни бошқариш ўқув объектлари қурилганини маълум қилган.
«Барча полигонларда ерости позициялари, дронларни бошқариш ўқув объектлари, Чирчиқ, Ангрен ва махсус операция кучлари полигонида скалодром ва мотодромлар, Сариосиё ва Нуристон полигонида жанговар линиялар янгидан барпо этилди.
Учувчисиз комплекслар мутахассисларини тайёрлаш маркази ташкил этилиб, 340 нафар мутахассис ўқитилди ва синовдан ўтказилди. Айтишим жоизки, аскарларимиз қисқа муддатда энг қийин бўлган FPV-дронларни бошқариш, нишонларга аниқ зарба бериш кўникмаларини тўлиқ ўзлаштиришди. Бугунги кунда барча FPV-дрон операторлари жанговар вазифани бажаришга тайёр», – дейди мудофаа вазири.
Вазирнинг таъкидлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари янги олинган зенит комплексларини муваффақиятли синовдан ўтказган.
«Кулқудуқ полигонида ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари мамлакат ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилиш бўйича сиз олиб берган KS-1, FD-2000, Печора, QV-18, FM-90 зенит комплексларидан биринчи марта тунда ва қийин об-ҳаво шароитида «бир нишон – бир ракета» тамойилида жанговар отишлар ўтказилиб, эшелонлаштирилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишга эришилди.
Каттақўрғон полигонида илк марта модернизация қилинган Су-25 самолётидан 4000 метр баландликда бошқариладиган Lizard-3 ва FAB-250 авиабомбалари билан шартли душманнинг қўмондонлик пункти ва зирҳли техникалар колонаси яксон этилди», – дейди вазир.
Шунингдек армияда сунъий интеллект ва роботлаштирилган мажмуаларни яратиш, киберхавфсизликни таъминлаш юзасидан берилган барча топшириқлар сифатли бажарилаётгани айтилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистондаги ҳарбий заводларда 7000 дан ортиқ қурол-аслаҳа, 452 та жанговар техника таъмирланган. 110 мингдан ортиқ бутловчи қисмлар ва 14 та янги тренажёр ишлаб чиқарилган. Заводларнинг 760 нафар мутахассислари махсус курсларда ўқитилган.
Зирҳли техникаларни таъмирлаш заводида йиллар давомида захира фондида бўлган 20 та БТР-80 модернизация қилинган. «Қуёшлик»даги завод мутахассислари томонидан 53 та БМ-19, 2000 га яқин қурол ҳамда 1000 дан ортиқ оптик мосламалар модернизация қилинган. Модернизация ишлари натижасида 2025 йилда жами 850 миллиард сўм буджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилган.
Шунингдек, мудофаа вазири жорий йилдан босқичма-босқич барча ҳарбий округларда мафкуравий ва рақамли полигонларни барпо этишни таклиф қилди.
Мавзуга оид
15:01
Ўзбекистон учун 4 та асосий таҳдид ва чегараларни қўриқлаётган Bayraktar – ДХХ раиси ҳисоботи
15:51 / 13.01.2026
«Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди» – президент Хавфсизлик кенгаши йиғилишида
21:02 / 25.07.2025
Талъат Валиев Хавфсизлик кенгашидаги лавозимидан озод этилди
22:19 / 03.04.2025