Ўзбекистон | 00:37
476
5 дақиқада ўқилади

Инфаркт билан инсултга қарши дастур ва фирибгарлардан ҳимоя чоралари – маҳаллий дайжест

1 февралдан профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади, инфаркт ва инсултга қарши курашиш миллий дастури ишга туширилади, фирибгарлар расмийлаштирган онлайн кредит энди жабрланувчидан ундирилмайди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Инфаркт ва инсултга қарши курашиш миллий дастури ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Унда “Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke” халқаро дастурлари асосида ишлаб чиқилган “Инфаркт ва инсултга қарши курашиш” миллий дастури 2026 йил 1 майдан бошлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, 1 октябрдан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, 2027 йилдан эса бошқа ҳудудларда амалиётга жорий этилиши маълум қилинди.

Миллий дастур доирасида 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида сўровнома ўтказиш ҳамда натижасига кўра аниқланган хавф гуруҳига мансуб фуқароларни мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда беморларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш алгоритмлари ва клиник маршрутларини амалиётга жорий этиш назарда тутилган.

1 февралдан профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади

2026 йил 1 февралдан зўравонлик оқибатида оиласидан олинган, ўз ҳаёти ва соғлиғига таҳдид мавжуд бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган болаларни ҳимоя қилиш мақсадида профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Қайд қилинишича, мазкур тизим болаларга вақтинчалик хавфсиз муҳит яратиш, уларни давлат муассасаларига жойлаштирмасдан, оила муҳитида парваришлаш ва тарбиялаш имконини беради. Янги механизм, аввало, зўравонликка учраган болалар, оиласида қолиши хавфли бўлганлар, ҳамда ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар учун мўлжалланган. Бунда болани муваққат жойлаштириш, унинг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Фирибгарлар расмийлаштирган онлайн кредит энди жабрланувчидан ундирилмайди

Адлия вазирлиги ва Марказий банк томонидан тасдиқланган янги низомга мувофиқ, агар фуқаро номига онлайн кредит фрод (фирибгарлик) натижасида расмийлаштирилган бўлса ва у суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида жабрланувчи деб эътироф этилса, кредит ташкилоти мазкур кредит ва унга оид фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундиришни тўхтатиши шарт.

Шу билан бирга, кредит ташкилоти етказилган моддий зарарни фрод ҳолатини содир этган шахсдан регресс тартибида ундириш ҳуқуқига эга. 

Бироқ суриштирув, дастлабки тергов ёки суд қарорлари асосида фрод ҳолати мавжуд эмаслиги аниқланса, кредит ташкилоти онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундиришни қайтадан давом эттиради.

Наманганда ишчи ҳалок бўлган цемент заводидан товон пули ундирилди

Наманган туманидаги цемент заводи ходимининг вафоти ҳақида Kun.uz эълон қилган материалдан кейин, Меҳнат инспекцияси текширув ўтказди.

Аввалроқ, 18 ёшли Баҳром Ҳошимов “Toshbuloq invest group” корхонасига тегишли махсус қоришма сақланадиган 17 метрли махсус “бункер”ни тозалаш вақтида вафот этган, бахтсиз ҳодисани текширган махсус комиссия ишчининг ўзи айбдор экани ҳақида хулоса қилган эди.

Меҳнат инспекциясининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан қайта текширув ўтказилган ва бахтсиз ҳодиса сабаблари қайта расмийлаштирилиб, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли талабларини бажармасдан, уларнинг келиб чиқишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан текширув материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. Шунингдек, корхонадан марҳум Баҳром Ҳошимовнинг оила аъзоларига 500 миллион сўм миқдордаги товон пули тўлаб берилган.

Олий таълим ташкилотлари миллий рейтинги юритилади

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш тартибини белгилайдиган низом лойиҳасини ишлаб чиқди. 

Лойиҳага кўра, миллий рейтингда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкил этилганига камида уч йил бўлган ва битирувчилари мавжуд олий таълим ташкилотлари иштирок этади. Бунда олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган, ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари мустасно қилинади.

Ҳужжатда қайд этилишича, рейтинг агентликнинг махсус дастурий таъминоти — махсус платформа орқали юритилади.

Мавзуга оид