Жамият | 11:13
2128
2 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар расмийлаштирган онлайн кредитлар бўйича янги тартиб жорий этилди

Адлия вазирлиги ва Марказий банк томонидан тасдиқланган янги низомга мувофиқ, агар фуқаро номига онлайн кредит фирибгарлик йўли билан расмийлаштирилгани исботланса, ундан қарз ва фоизларни ундириш тўхтатилади.

Адлия вазирлиги Марказий банк билан ҳамкорликда кредит ва тўлов ташкилотлари, шунингдек тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Низомга кўра, агар фуқаро номига онлайн кредит фрод (фирибгарлик) натижасида расмийлаштирилган бўлса ва у суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида жабрланувчи деб эътироф этилса, кредит ташкилоти мазкур кредит ва унга оид фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундиришни тўхтатиши шарт.

Шу билан бирга, кредит ташкилоти етказилган моддий зарарни фрод ҳолатини содир этган шахсдан регресс тартибида ундириш ҳуқуқига эга.

Агар кредит ташкилотида фрод ҳолатига шубҳа пайдо бўлса, у қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли органларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бироқ суриштирув, дастлабки тергов ёки суд қарорлари асосида фрод ҳолати мавжуд эмаслиги аниқланса, кредит ташкилоти онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундиришни қайтадан давом эттиради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид